Аҳолини рўйхатга олишда шахсга доир маълумотларни йиғиш тартиби

Маълумки, рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилади ва рўйхатга олишнинг бошланиши аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00.00 дақиқа этиб белгиланган. Рўйхатга олишни ўтказиш муддати – 25 кун. 
Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, лекин ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади. 
Шахсга доир маълумотларни йиғиш қуйидаги усулларда амалга оширилади:
-  респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб, сўров ўтказиш орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади; 
-  аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади; 
-  яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган стационар участкаларда амалга оширилади; 
-  респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади; 
-  гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида амалга оширилади; 
-  шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилади.

Туман статистика бўлими   
                                                                                                                                                   

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.