Ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар.

Ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар.

 

Президент "Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонда қайд этилишича, Ёшлар ишлари агентлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади ва унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

-Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;

-жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

-қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

Молия вазирлиги 2021 йилда:

-фармонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан қўшимча равишда 100 млрд сўм;

-олий таълим муассасалари талабалари турар жой ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджетидан қўшимча равишда маблағлар ажратади.

Фармонга кўра 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Бунда:

-ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим;

-ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади;

-олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.

Фармонда белгиланишича, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида, 2021 йил 1 июндан бошлаб:

-АТ "Халқ банки”, АТ "Алоқа банк” ва "Микрокредитбанк” АТБ томонидан "Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бунда, истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловлари Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;

-"Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;

-Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда "Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади;

-хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган "Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.

Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан банд қилиш, қўшимча даромад олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қуйидаги тартиб жорий қилинади, унга мувофиқ:

а) 2021 йил 1 майдан бошлаб:

-2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади;

-"Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда "Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;

-"Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан имтиёзлар тақдим этилади;

б) 2021 йил 1 июндан бошлаб:

-"Ёшлар дафтари”га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори "Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади;

-профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган "Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.

Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда ўзи, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандлари ёки эри (хотини) профессионал таълим муассасаларида таълим олиши учун йўналтириладиган солиқ тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммасини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Шу каби Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) давлат олий таълим муассасаларига 10тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади;     

б) давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан:

-бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, шу жумладан уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади; 

-талабалар ётоқхоналарида, маданият марказларида ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиш, очиқ давра суҳбатлари ва маданий тадбирлар ўтказиш амалиёти жорий қилинади.

Қашқадарё вилоятида 2021 йилнинг якунига қадар эксперимент тариқасида маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда мусиқа фани ўқитувчиларига қуйидагиларни назарда тутган ҳолда уй шароитида ёшлар учун мусиқа тўгаракларини ташкил этишга рухсат берилди:

-ушбу тўгаракларни ташкил этган шахслар маданият марказлари томонидан нота, мусиқага оид адабиётлар билан таъминланади ҳамда уларга ташкилий ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатилади;

-тўгаракларда таълим олганлик учун тўлов маҳаллий бюджет маблағлари ва ўқувчилар томонидан тўланади.

Бунда, тўгараклар ташкил этган шахсларнинг иш ҳақи тўловлари маданият марказлари учун белгиланган миқдорлардаги бадал тўловлари ва етмаган қисмида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлаб берилади.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи                           Н.Э.Исроилов

 

Ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.