Қонунчиликдаги янгиликлар

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Мактабгача таълим соҳасида 241 та давлат-хусусий шериклик    тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари ажратилади

"Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-5071-сон, 12.04.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, имзоланиб, молиялаштирилмасдан қолган 241 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағлари босқичма-босқич ажратилади.

Кредитлар 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан берилади.

Лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати, шу жумладан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми ўрганиб чиқилади ва уларнинг рейтинги шакллантирилади.

Рейтинг асосида молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда лойиҳалар рўйхати тузилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, қарор билан Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан давлат шериги боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар бадали тўловларини тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаб беради.

 

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки

моддий ёрдам тайинлаш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

 

Бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза тақдим этилади.

Ариза Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи номига ёзилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

-ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари ёки ID-карталари;

-чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхаси;

-болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;

-оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

-ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни Марказий банк томонидан "Ягона реестр" АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.

 

"Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (202-сон, 12.04.2021 й.) қабул қилинди

 

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 15 июлдан:

ифлослантирувчи моддаларни атроф муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш массаси тасдиқланган экологик нормативлардан              1 баравардан 5 бараваргача ёки ундан ортиқ (кам) бўлганда компенсация тўловчи субъектлар мос равишда 1 баравардан 20 бараваргача кўпайтирилган (камайтирилган) миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

экологик нормативларда тасдиқланмаган ёки уларнинг амал қилиш муддати тугаган бўлса, атроф муҳитга юқори (I тоифа) ва ўртача (II тоифа) даражада хавфли таъсир кўрсатадиган компенсация тўловчи субъектлар ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш, чиқиндиларни жойлаштиришнинг амалдаги массасига нисбатан 20 баравар, шунингдек, паст (III тоифа) ва маҳаллий (IV тоифа) даражада таъсир кўрсатувчи компенсация тўловчи субъектлар 10 баравар кўпайтирилган миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

ифлослантирувчи моддаларни бирваракайига ташлаганлик ва оқизганлик учун компенсация тўловлари ҳар бир модда бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар кўпайтирилган миқдорда тўланади.

Қарор билан Ўзбекистон ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлатда яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатилади

 

Ҳукумат қарори (201-сон, 12.04.2021 й.) билан "Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди

Низомга кўра, консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағларсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Консуллик округи – хориждаги муассаса иш олиб борадиган ҳудуд, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин.

Муассаса 2 иш кунида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди (сафар мақсади, виза, яшаш шароити).

Ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.

Вазирлик 1 иш кунида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.

Хат олганидан сўнг 1 иш кунида муассаса фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Ариза рад қилинганда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.

Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи                              Н.Э.Исроилов

 

Қонунчиликдаги янгиликлар


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.