Озодлик улуғ неъмат

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан 2014 йил 14 ноябрда эълон қилинган амнистия тўғрисидаги қарори ҳеч шубҳасиз давлатимизнинг бағрикенглик ифодасидир. Мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида туман про-куратураси томонидан назорат тадбирлари билан бир қаторда амнистия актининг қўлланилиши, унинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Озодлик улуғ неъматХусусан, ушбу қарор ижроси ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида шу кунга қадар Навбаҳор тумани бўйича жазони ижро этиш муассасаларидан илк бор жиноятга қўл урган ўн нафар маҳкум муддатидан олдин озодликка чиқарилди. Туман прокуратураси томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида озодликка чиққан фуқароларнинг ҳар бирига биометрик фуқаролар паспортлари расмийлаштирилиб, тақдим этилди.

Президентимизга, давлатимизга минг раҳмат бизни кечирганлари учун дейди,-Илёс Абдуҳалимов. -Мен эндигина йигирма ёшга тўлиб, билиб-билмай жиноятга қўл урганимдан жуда афсусдаман. Озодликка чиқиб келган кунимиздан эътиборан бизларнинг ҳар биримизни мутасадди раҳбарлар кўмаги асосида тиббий кўрикдан ўтказишди. Ҳар биримиз бир марталик моддий ёрдам пули олдик. Айни чоғда туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ИИБ, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Камолот” ЁИҲ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган профилактик тадбирлар орқали бизга амнистия актининг моҳияти хусусида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Англаб етдимки, агар мен яна жиноятга қўл урсам менга нисбатан бошқа амнистия акти қўлланилмас экан. Мен бундан тўғри хулоса чиқардим. Энг асосийси, туман прокуратураси ҳамда "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ёрдами билан Конимех иқтисодиёт касб-ҳунар коллежидаги ўқишимни тикладим ва ҳозирда таълимни учинчи босқичда давом эттирмоқдаман.

Мен Тоштемир Рўзиев 1980 йил Навбаҳор туманида туғилганман,-дейди кейинги суҳбатдошимиз.-Мен ҳам билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганимдан қаттиқ пушаймондаман. Шу ўринда Муҳтарам Прези-дентимиздан, халқим ва ота-онамдан кечирим сўрайман. Янги йилни оилам, фарзандларим бағрида кутиб олганимдан жуда хурсандман. Озодлик нақадар улуғ неъмат эканини оилам бағрига келиб тушуниб етдим... Туман прокуратураси ёрдамида шахсимни тасдиқловчи биометрик паспорт олдим ва туман Ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлашдим. Эндиликда ҳалол меҳнатим орқали фарзандларимга тўғри тарбия бериб, келажакда уларни ўқимишли инсонлар бўлиб камолга етишларига ўз ҳиссамни қўшаман. Юртимиз равнақи йўлида бор кучимни бағишлайман, деб ваъда бераман.

Ҳа, бугун озодликка чиқиб келган ҳар бир фуқаронинг қалбида ватан туйғуси, озодлик ва тинчлик каби улуғ тушунчалар нақадар бебаҳо неъмат эканлиги туғён урмоқда. Энг эътиборлиси, туман прокуратураси томонидан уларнинг ижтимоий аҳволи атрофлича ўрганилиб, оила ва жамиятда мустаҳкам ўрин топишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амнистия акти қўлланилиб, озодликка чиқиб келган фуқаролар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида мазкур қарор моҳияти хусусида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ибрагим БАБАМУРАДОВ,

туман прокурори,

Бобоқанд УМАРОВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.