Спорт – саломатлик калити

Спорт – саломатлик калити
Мен ўзимдан сўнг тўртта табибни қолдиряпман. Улар: қуёш, тоза ҳаво, сув ва бадантарбиядир”.
Абу Али Ибн Сино
Соғлом авлод – соғлом миллат, соғлом жамият ва тараққиёт гаровидир. Инсон учун энг катта бойлик бу соғлик ҳисобланади. Жисми ва руҳи соғлом бўлган одамгина том маънода ўзини бахтли ҳис эта олади. Тану жони оғриб турган кишига дунёнинг бойлигини тақдим этсангизда таътимайди, негаки, унинг учун энг катта бахт ва бойлик саломатлигидир. Инсон соғлом бўлсагина соғлом фикрлайди, гўзал орзулар қилади ва унга интилади...
Бугун тезлик ва ўта шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда глобаллашув жараёнларининг ижобий томонлари билан бир қаторда унинг салбий оқибатлари ҳам афсуски ҳаётимизга кириб келмоқда. Турли касалликлар, хатарлардан ҳаётимизни асраш, маънавий бўшлиққа йўл қўймаслик, руҳан соғлом бўлиш учун энг аввало ўзимизда эзгу инсоний туйғулар, кучли ирода, сабр-қаноат орқали бугун жаҳон майдонида юз бераётган турли ҳаёт учун хавфли касалликлар ва иллатларга қарши тура олишимиз жуда ҳам муҳим саналади.
Бу борада кўп минг йиллик миллий тарихимиз, анъаналаримиз, урф-одатларимиз ва маънавиятимизни белгилаб берувчи қадриятларимиз бизга йўлчи юлдуз бўлиб асқотади. Зардуштийлик динининг муқаддас китоби "Авесто”, ислом динининг муқаддас китоби "Қуръони Карим”, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари, Абу Али Ибн Сино, Шайх Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби мўътабар зотларнинг тарбия соҳасидаги бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш соғлом авлод ва соғлом миллат тарбиясида дастурул амал бўлиб хизмат қилади. Жумладан, буюк маърифатпарвар адибимиз Абдулла Авлоний "Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарида тарбия турлари ҳақида фикр юритар экан, "Тарбиянинг замони”, яъни боланинг етук тарбия топишида аввало ижтимоий муҳит, оиланинг ўрни, "Бадан тарбияси” – жисмонан соғлом инсонни тарбиялаш”, "Фикр тарбияси” – инсон тафаккурини ўстириш, мантиқий фикрлашга ўргатиш, "Ахлоқ тарбияси” – яъни инсонда яхши хулқ ва ва одатларни таркиб топтириш орқали соғлом авлодни тарбиялашни назарда тутади.
Дарҳақиқат, А.Авлоний бобомиз таъкидлаганидек соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Биз оилага ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қараймиз. Яна соғлом фикрли кишигина ҳаётга теран нигоҳ ва эзгу ғоялар билан қарайди. Шу ўринда бундан неча минг йиллар аввал илгари сурилган зардуштийлик динининг туб моҳияти "Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал” ғоясининг нечоғлик ҳақиқат эканлигини орадан неча минг йиллар ўтган бўлсада ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Шунингдек, инсон саломатлиги учун энг муҳим восита бу бадан тарбияси – жисмоний соғломликдир. Доно халқимиз бежизга "Соғ танда – соғлом ақл” – дея таъкидламаган. Бу ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Улуғ табиб, қомусий олим Абу Али Ибн Сино бобомиз: "Ўз вақтида меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламйди. Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян тартибга риоя қилмоқ шарт. Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро ҳарактсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади”, - деб инсон саломатлиги учун бадантарбиянинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб ўтган. Спорт билан шуғулланадиган кишилар нафақат жисмонан, балки, маънан соғлом, иродаси мустаҳкам, соғлом фикрлайдиган инсонлар саналишади. Спорт инсоннинг руҳиятини ҳам соғлом қилади, ҳаётнинг ҳар жабҳасида фаол ва ҳаракатчан бўлади. Қолаверса, спорт билан мунтазам шуғулланадиган инсонлар тартиб-интизомга, тозаликка одатланади, серҳаракатлиги боис овқат ҳазм қилиш жараёни ҳам унда яхши кечади. Ҳаёт синовларига дош бера оладиган, руҳан кучли қилиб тарбиялайди. Шундай экан ҳар бир киши ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши, албатта спортнинг қайсидир тури билан мунтазам шуғалланиши, спортни ўзининг ҳаётига айлантирмоғи лозим.
Саломатликни яна бир сири бу ҳақиқатан ахлоқ тарбияси ҳисобланади. Яхши хулқ ва ахлоққа эга бўлган инсонлар узоқ умр кўришларини ҳам ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб беради. Ичувчи, кашанда, маишатпараст кишиларга нисбатан, соғлом фикрлайдиган, доимий бадантарбия, спорт билан шуғулландиган, фойдали меҳнат билан машғул бўлган инсонларни руҳияти, асаб тизими ҳам мустаҳкам бўлиши, уларнинг узоқ ва бахтли умр кечиришларини замонавий тиббиётимиз ва ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Бугун бутун дунёни ларзага солган короновирус инфекциясига қарши иммунитетни шакллантириш ва унга қарши курашда одамларнинг энг таъсирчан қуроли ва ҳимоячиси ҳам тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига ва тозаликка риоя қилиш, мунтазам спорт билан шуғулланиш, фикр ва ахлоқ тарбиясини бойитиш, ота-боболаримиздан қолган бой маънавий меросни асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва ҳаётга кенг тарғиб қилиш орқали эришилади.
Хулоса ўнида айтадиган бўлсак, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига ва тозаликка риоя қилиш, мунтазам спорт билан шуғулланиш, фикр ва ахлоқ тарбиясини бойитиш, ота-боболаримиздан қолган бой маънавий меросни асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва ҳаётга кенг тарғиб қилиш инсон саломатлигининг калитидир.
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳ.Ҳ.Файзиева
Спорт – саломатлик калити

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.