O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI NAVOIY VILOYATI NAVBAHOR TUMANI HOKIMINING QARORI

Туманда 2021 йилда Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси, "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги "Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги 965-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан 2021 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 2020 йил 24 августдаги 18/06-01/07-797-сонли хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”гиҚонунининг 6, 25-моддаларига асосан;

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н :

 

1. Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги йигирма нафардан ортиқ ишловчи ходимлари мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг рўйхат бўйича умумий сонидан 195 кишини ташкил этадиган 3,5 фоиз миқдорида, шу жумладан:

ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун 26,2 фоиз - 51 киши;

умумий ўрта махсус, касб хунар таьлимимуассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек олий таьлим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таьлим олган битирувчилари учун 48,7 фоиз - 95 киши;

сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафларидан муддатли харбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 11,3 фоиз - 22 киши;

ногиронлар ва пенсия олди ёшидаги шахслар учун 7,7 фоиз - 15 киши;

жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун 5,1 фоиз - 10 киши;

одам савдосидан жабр кўрган шахслар учун 1,0 фоиз - 2 киши миқдорида иш ўринлари заҳираси белгилансин ва тумандаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар кесимида иловадаги жадвал асосида тасдиқлансин.

2. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларига;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги "Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги 965-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган иш ўринларини ташкил этиш,

иш жойлари санитария-гигиена нормаларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бемалол бажаришини таъминлайдиган меҳнат шароитларига мувофиқ бўлишини таъминлаш;

ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2020 йил 20 декабрь санасига қадар квота иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2021 йилнинг 10 апрел санасидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир квота тоифаси бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва буйруқ нусхаларини туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этиш вазифалари юклатилсин.

3. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари;

мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилганшахслар тоифаларини муҳтожлар учун иловада белгиланган заҳирага қўйилган иш ўринлари сонидан келиб чиқиб ишга жойлаштириши шарт.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг йўлланмаси бўйича ушбу шахслар мазкур қарор 1-бандида кўрсатилган тоифага тегишли бўлганда заҳирага қўйилган иш ўрнига ишга жойлаштириш ташкилот томонидан рад этилиши ташкилот мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлигига олиб келади.

4. Мазкур қарорни бажармаган ташкилот мансабдор шахсига нисбатан ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Маъмурий жавобгарликнинг белгиланиши ташкилотни заҳирага қуйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.

5. Корхона, ташкилот ва муассасалар ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига муҳтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этиб борилиши мажбурийлиги;

Мавсумий ва вақтинчалик иш ўринларини муҳтожларни ишга жойлаштириш учун заҳирага қуйишга йўл қуйилмаслиги инобатга олинсин.

6. Ногиронлар учун заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонидан ортиқча ногиронлар учун иш ўринлари ташкил этган ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар ҳуқуқига эга бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.

7. Туман ҳокимлиги умумий бўлими (И.Ашуров) бир ҳафта муддатда мазкур қарорни иловада кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига етказилишини таъминласин.

8. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Н.Зойиров)га,

ташкилотлар томонидан иш ўринлари заҳирага қўйилганлиги,

ушбу иш ўринларига мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган шахслар тоифаси ишга жойлаштирилганлиги,

иш ўринларини заҳирага қўйиш бўйича туман ҳокимининг қарорини бажармаган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига жарима солинганлиги тўғрисида умумлаштирилган ахборотни ишчи комиссияга юборилишини ва мазкур қарорнинг ижроси устидан назорат қилинишини таъминласин.

Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга - ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида Бандлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланишини ташкил этсин.

9. Туман ҳокимининг 2019 йил 27 сентябрдаги "Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2020 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги Қ-1600-сонли қарори 2020 йил 31 декабр кунидан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Мазкур қарорнинг расмий нашрда эълон қилиниши ва туман ҳокимлиги веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

11. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

 

 

Туман ҳокими Л.Облақулов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.