Коррупция - тараққиёт кушандаси

Коррупция - тараққиёт кушандаси

 

Жадал ислоҳотлар билан ривожланаётган юртимизнинг барқарорлик билан тараққий этишида айрим жабҳаларда "Коррупция” иллати тўсқинлик қилиб келмоқда. Шу боисдан ҳам коррупцияга қарши курашиш барчамиздан бирдек масъулият талаб қилади.

Хўш коррупция ўзи нима?

Коррупция атамаси лотинчадан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.

2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун 6 боб 34 моддадан иборатдир.

Қонунда қуйидаги тушунчаларга эътибор қаратилган:

коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шунингдек, Қонунга кўра коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

-Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

 

Шунингдек, 2019 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 5927 сонли Фармони қабул қилинди.

Фармон билан қуйидагилар белгиланди:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

Фармон билан, 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб бориш, унинг якунлари бўйича:

коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантириш;

идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўриш белгиланди.

 

Бундан ташқари 2020 йил 29 июнь куни Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилди.

Фармонга асосан Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

- бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

- давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;

- коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;

- ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан, жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;

- ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;

- давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қабул қилинган Қонун, Президент Фармон ва қарорларининг мақсади ҳам коррупция деб аталмиш иллатни жамиятимиздан таг-томири билан йўқ қилишдан, аҳолининг, халқнинг давлатга бўлган ишончини, эртанги кунга бўлган умидини уйғотишдан иборатдир.

Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум. Агарда коррупцияга қарши ўз вақтида курашилмаса, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Аҳолини олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилади ҳамда жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради. Энг ёмони, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Шундай экан барчамиз биргаликда "Коррупция” деб аталмиш иллатга қарши кескин ва муросасиз курашайлик.

 

 

Туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси С.Қаюмов

 

Коррупция - тараққиёт кушандаси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.