НАВБАҲОР ТУМАНИ ҲОКИМИ Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТНОМАСИ

НАВБАҲОР ТУМАНИ ҲОКИМИ 

Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ 

ТУМАН АҲОЛИСИГА 

МУРОЖААТНОМАСИ


Ассалому-алайкум азиз тумандошлар!


Бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. 

Айни пайтда ер юзида мазкур пандемия таъсирига тушмаган, ундан азият чекмаётган, бу инфекциядан жабр кўрмаган мамлакатнинг ўзи қолмади, ҳисоб. 

Ҳар куни минглаб қурбонлар берилмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра айни пайтда дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони 12 миллионга яқинлашди. 

Аянчлиси шундаки, на чегара, на миллат ва на ёш танламайдиган бу балонинг шиддат билан тарқалиши оқибатида ўтган қисқа муддатда ер юзида ярим миллиондан ортиқ инсон бевақт ҳаёт билан видолашди.

Афсуски, мазкур пандемия ўтган қисқа даврда бизнинг юртдошларимиздан ҳам 52 нафарини орамиздан олиб кетди, 10.000 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз эса ушбу касалликдан азият чекмоқда.

Энг ачинарлиси шундаки, вилоятимизда олиб борилаётган даволаш профилактика тадбирлари, тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, ўлим ҳолатлари қайд этилмоқда.


Қадрли тумандошлар!


Коронавирус дунё бўйлаб ёйилаётган, эндигина мамлакатимизга, юртимизга кириб келган дастлабки кунлардаёқ Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан кўрилган тезкор чоралар, берилган тавсиялар, огоҳлантиришлар ва даъватларга амал қилинмаслиги мана шундай аянчли вазиятга олиб келганлигини таассуф билан айтиб ўтиш жоиз. 

Маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида биргина туманимизда фуқаролар томонидан карантин қоидаларининг қўпол равишда бузилиши ҳолатлари кўплаб қайд этилиб, уларга турли даражадаги жазо чоралари қўлланилди.

Сиз азизларнинг хавфсизлигингизни таъминлаш, саломатлигингизни доимий муҳофаза қилиш мақсадида коронавирус инфекциясига гумонланганлардан мутахассислар томонидан биологик намуналар олиниб, вилоят санитария эпидемилогик осойишталик маркази вирусологик лабораториясида замонавий усулларда (ПЗР) текширилмоқда.

Ҳар қандай вазиятда ҳам касалланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда зудлик билан эпидемиолог, пульманолог, инфекционист, реаниматолог, терапевтлардан иборат малакали тиббиёт ходимлари жалб этилиб самарали даволашнинг зарур чоралари кўрилаётганини барчангизга яна бир таъкидламоқчиман.

Шу ўринда минг афсуслар билан айтиб ўтиш жоизки, мана шундай ўта таҳликали бир шароитда ҳам давлатимиз томонидан аҳолига яратилган енгиллик, имконият ва имтиёз ҳамда қулайликларни айрим тумандошларимиз кўр-кўрона суистеъмол қилаётганликлари барчамизни ташвишга солмоқда

Айниқса, тўй-маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш, ўзини-ўзи яккалаш ёки оддий шахсий гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиш талаблари қайта ва қайта тушунтирилишига қарамасдан эътиборсизлик ва тартиббузарликнинг оқибати фуқароларимизга ҳар томонлама қимматга тушмоқда.

Зеро, юртимизда коронавирус билан касалланган ҳар бир бемор учун алоҳида эътибор, дори-дармон ёки уни ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилиб, бунинг ҳуқуқий молиявий асослари қатъий белгилаб қўйилди.

Ҳатто аксарият ривожланган давлатларда учрамайдиган тажриба – ҳар бир коронавирус инфекцияси билан касаллаган беморнинг тўлиқ даволаниши учун 32 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда. 

Шундай бўлсада, айрим юртдошларимиз томонидан ўзбошимчалик билан қилинган ҳатти-ҳаракатлар, айниқса, ўз вақтида тиббиёт ходимларига мурожаат қилмаслик, касаллик белгилари юқори даражага чиққунга қадар ўзини-ўзи даволашга уринишлар оғир салбий ҳолатларга олиб келмоқда. 

Энг ачинарлиси, бу каби оддий эътиборсизлик, ўзбошимчалик ва жорий этилган карантин қоидаларига риоя этмаслик нафақат фуқаронинг ўзига, балки аксарият ҳолларда бутун бошли маҳалла ёки кўчадаги барча аҳолининг ҳаётини жиддий хавотирга солиб қўймоқда.

Аниқса, бу каби совуққонлик, лоқайдлик ва нописандлик биринчи навбатда ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳамда сурункали касалликлари бўлган фуқароларимиз учун фавқулодда ўта хавфли эканлигини наҳотки тушуниб етишмаётган бўлсалар!

Тасаввур қилинг, маҳаллада коронавирус билан касалланган фуқаро бир кунда энг камида камида қўни-қўшни, қариндош уруғларидан 40 нафарга яқин кишига инфекция юқтириши муқаррарлиги такрор ва такрор таъкидланмоқда ва бу исботланган ҳолатдир.

Аммо кўпчилик фуқароларимиз онгли равишда мавжуд талаб ва қоидаларга ҳалигача эътиборсизлик қилаётгани оқибатида ўзларининг билиб-билмай даҳшатли қирғин қуролига айланиб қолиши мумкинлиги наҳотки тушуниб етмаяптилар!

Бир кишининг ортидан узлуксиз занжир бўлиб давом этаётган бу касаллик бугун барчага бирдек таҳдид солаётганини англаб етиш қийин эмас! Наҳотки, яқинларимиздан бирининг оғир аҳволга тушишини ёки уни йўқотиб қўйишимизни кутиб туришимиз керак!

Бугун хеч биримиз атрофдагиларнинг – қавми қариндош ҳамда элу-юрт олдида дашном ва тавқи лаънатга қолишни, кимнингдир хонадонида аза бўлишига, қариндошлик, қўни-қўшничилик ришталарининг узилишига сабабчи бўлиб, бир умрлик виждон азобида юришни истамаймиз! 

 Шундай экан, Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан пандемия шароитида бехавотир яшаш, осойишда меҳнат қилиш, оила даврасида хотиржам ва соғ-саломат юришимизнинг аниқ механизми ишлаб чиқилди. Халқимиз таъбири билан айтганда давлат томонидан аҳолининг, нафақат, жони, моли ҳам бу офатдан ҳимоя қилинишининг барча чоралари кўрилмоқда. 

Аҳолидан эса бунга жавобан фақат бир нарса – таҳликалардан ҳоли, хотиржамликда уйда қолиш, ортиқча саросимага берилмаслик, меҳр-мурувватли бўлиш, ўзини ва оиласини асраш, турли манбалар орқали тарқатилаётган миш-мишларга ишонмаслик, қатъий иродали, собитқадам бўлишлари талаб этилмоқда, холос. 

Зеро, азми қатъий, ҳар томонлама чиниққан инсонларгина чин маънодаги оилапарвар бўла олади. Мана шундай кишиларгина юртнинг бугуни ҳамда эртаси учун дахлдор ва жавобгар бўла олади!


Қадрли тумандошлар! 


Бугунги синовли кунларда ҳам қайсидир тоифадаги ғараз ниятли кимсалар томонидан сунъий тақчиллик келтириб чиқаришга, турли асосланганмаган ахборотлар тарқатиб аҳолини ортиқча саросимага солишга уринишлар кузатилмоқда. 

Биз бу кунларда ҳар қачонгидан ҳам бирлашиб, баҳамжиҳатликда, мана шундай ташвишли, таъбир жоиз бўлса, оғир кунларни биргаликда енгиб ўтишимизга ишонаман!  

Барчамизни Яратганнинг ўзи ўз паноҳида асрасин!

НАВБАҲОР ТУМАНИ ҲОКИМИ   Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ   ТУМАН АҲОЛИСИГА   МУРОЖААТНОМАСИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.