Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпаяди

 

Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин

бўлган фаолият турлари кўпаяди

 

 

"Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан:

-ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилади;

-ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади;

-ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади;

-ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.

Маълумот учун, Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Шу билан бир қаторда қарорга мувофиқ, жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади.

Якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.

Қарорга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида 3 нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.

Шу каби қарорга кўра, Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

 

-кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистоннинг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш;

-контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).

Хулоса қилиб айтганда мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият турлари рўйхати 67 тага етказилди. Вазирлар Маҳкамасига бу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин  бўлган фаолият турлари кўпаяди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.