Коронавирус пендемияси даврида қонунчиликдаги янгиликлар

Коронавирус пендемияси даврида қонунчиликдаги янгиликлар.

 

Пандемия тарқалиб кетишининг олдини олиш ва унга қарши курашни ташкил қилиш мақсадида давлатимиз томонидан бир қатор кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақасадида 2020 йил 26 март куни "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессул кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-613-сон қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Яъни, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишнинг жавобгарлик асослари аниқлаштирилди.

Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш қуйидагича жазоларни юзага келтириши мумкин:

-44 млн. 600 минг сўм жарима;

-300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

-2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Бундай маълумотларни нашр қилиб, кўпайтириб, ОАВ, Интернет орқали тарқатганлар бадални икки ҳисса кўпроқ тўлайди- 89 млн. 200 минг сўмгача жарима. Бу ҳолат учун ҳатто 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарлик белгиланди.

 

Шунингдек, Жиноят кедексининг 257-1-моддаси янги таҳрирда баён қилинди.

Яъни, Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса,

-базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан,

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса,

-икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан,

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса,

-етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси III-бобининг номи Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси таҳририда баён қилиниб, 29-2-моддаси билан тўлдирилди.

Ушбу модда билан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш механизми белгиланди.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқатда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Шу каби карантин даврида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун ушбу моддага асосан БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн. 115 минг сўмгача) жарима солиниши мумкин.

Карантин даврида махсус рухсатнома олиш талаб қилинган автомашинада махсус рухсатномасиз кўчада ҳаракатланиш эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва фуқароларга 4 млн. 460 минг сўмдан 6 млн. 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга 6 млн. 690 минг сўмдан 11 млн. 150 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

 

Ҳар бир қабул қилинаётган янги қонунлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар халқимизнинг фаровонлиги ва давлатимизнинг ривожи учун хизмат қилади.

Шу боис, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қонунларни ҳурмат қилиши, ундаги нормаларга қатъий риоя этиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Коронавирус пендемияси даврида қонунчиликдаги янгиликлар

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.