Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада "Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4505-сон, 02.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий қилинди.

Мониторингнинг асосий вазифалари қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиётини жорий этиш, уларнинг Ўзбекистон қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш кабилардан иборат.

Қарорга кўра, мониторинг Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган қонун ҳужжатлари бўйича ўтказилади.

Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторинг ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу муносабат билан вазирликка давлат бошқаруви органлари ўтказадиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш ва ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби ҳуқуқлар берилди.

Қарор билан, шунингдек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида ташкил этиладиган махсус электрон майдончада амалга оширилади.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–578-сон, 01.11.2019 й.).

Энди банк картаси йўқолганлиги ҳақида хабарномани туну кун юбориш имконияти таъминланади.

Қонунга мувофиқ, тўлов тизими тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини, инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида ҳамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуи эканлиги белгиланди.

Шунингдек, тўлов хизмати тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва тўлов хизматларини етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида кўрсатилиши белгилаб қўйилди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида тўловлар нақд пул маблағларини ўтказиш, электрон пулларни ўтказиш, пул мажбуриятини ёки пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги фармойишни ўз ичига олган тўлов ҳужжатини бериш, электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш, пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш орқали амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Қонунга кўра, банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаши шартлиги белгиланди.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. (ЎРҚ–577-сон, 31.10.2019 й.).

Қонунга мувофиқ, божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситаларини ушбу божхона режими талабларига мувофиқ бўлмаган тарзда тасарруф этганлик учун, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Шунингдек, божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Шунингдек, Ўтган ҳафтада қабул қилинган Ҳукумат қарори билан 2019 – 2022 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Мазкур Дастурда электронтехника маҳсулотлари ва маиший электромаҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини, экспорт ҳажмини ҳамда электротехника саноатида мис хомашёсини қайта ишлаш ҳажмларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.

Шунингдек, қарор билан ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни 2,7 бараварга, экспортини 4,3 бараварга ва мисни қайта ишлашни 5 бараварга кўпайтиришни кўзда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

Шуниндек, ўтган ҳафтада, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, банклар амалга оширадиган операциялар рўйхати бир қатор янги банк операциялари билан тўлдирилди.

Хусусан, қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва тўлаш каби операциялар шулар жумласидандир.

Қонун билан, шунингдек, кредиторлар ва омонатчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида банклар учун тақиқланган ёки чекланган фаолиятга оид нормалар белгиланди.

Қонунга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши лозим.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўтган ҳафтада "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Энди Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик жиноий жавобгарликка олиб келмайди.

Қонунга мувофиқ, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси чиқариб ташланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшгача бўлган, Ўзбекистонда доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан яшаш гувоҳномасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслигини назарда тутувчи норма киритилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор (рўйхат рақами: 1719-3, 2019 йил 6 ноябрь) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлари касса хоналарининг сонига, уларнинг жойлашувига бўлган талаблар бекор қилинди.

Шунингдек, мазкур хоналарнинг ташқи, ички, тўсиқ деворлари, ойна ҳамда эшикларига (ва бошқа) қўйилган талаблар соддалаштирилди.

Бундан ташқари, Микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг бино ва касса хоналарини қўшимча (мазкур қоидаларда назарда тутилганидан ташқари) қўриқлаш сигнализациялари ҳамда ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар билан жиҳозлаш нобанк кредит ташкилотлари раҳбарларининг ихтиёрига кўра амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, Ўтган ҳафтада Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруқ (рўйхат рақами: 2547-3, 06.11.2019 й.) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Туғилишни қайд этиш гувоҳномасини олиш тартиби соддалаштирилди.

Йўриқномага киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда туғилишни қайд этиш муддати ўтказиб юборилганда 16 ёшгача бўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ариза қуйидагилар томонидан тақдим этилади:

👉 боланинг ота-онаси;

👉 ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;

👉 ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;

👉 ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Илгари бундай ариза фақат боланинг ота-онаси томонидан тақдим этилиши мумкин бўлган.

Бундан ташқари, эндиликда далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин бўлди.

Илгари далолатнома ёзувларига ишончнома орқали ўзгартириш киритиш мумкин бўлмаган.

Ўтган ҳафтада "Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4508-сон, 07.11.2019 й.) қабул қилинди.

Энди Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан:

👉 нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистоннинг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади;

👉 жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилади.

Шунингдек, ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундириладиган бўлди.

✅ Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

👉 товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси;

👉 Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати.

Ўтган ҳафтада "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунда кўп квартирали уй, умумий мол-мулк каби тушунчалар очиб берилди.

Жумладан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар мажмуи кўп квартирали уй ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Мактаб ўқувчиларининг якуний аттестациясига оид идоравий қонун ҳужжатлари бирлаштирилди (унификация қилинди)

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан идоравий қонун ҳужжатларини босқичма-босқич қисқартириш амалиёти давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1778, 20.03.2008 й.) илова сифатида киритилди.

Шу муносабат билан "Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор (рўйхат рақами 2656, 17.02.2015 й.) давлат реестридан чиқарилди.

Эслатиб ўтамиз, касалликлар рўйхатидаги мавжуд 55 та касаллик тури 59 тага ўзгартирилди.

Мазкур ҳужжатларнинг бирлаштирилиши фуқароларнинг айнан бир масаладаги бир нечта ҳужжатларни қидириб сарсон бўлишларининг олдини олишга хизмат қилади.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.