ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан танишинг.

Ўтган ҳафтада, Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (548-сон, 02.07.2019 й.)

Киритилган ўзгартиришлар давлат хизматларини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар давлат хизматлари марказлари орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланишини назарда тутади.

Шунингдек, Ҳукуматнинг лицезия бериш, рухсатнома бериш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатишни тартибга соладиган ҳужжатларига давлат хизматларини тезлаштирилган шаклда кўрсатишга оид қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, давлат хизматлари (лицензия бериш, рухсатнома бериш ва бошқалар) умумий белгиланган муддатдан қисқароқ муддатда қўшимча ҳақ тўлаш эвазига кўрсатилиши мумкин.

Масалан, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш учун аризаларни умумий тартибда кўриб чиқиш муддати 15 кундан кўп бўлмайди ва энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Айнан мазкур фаолият учун аризаларни тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш муддати эса 5 кундан кўп бўлмайди ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридаги тўловга яна шунча миқдорда қўшимча тўлов ундирилади.

 

Бундан ташқари, Харид қилиш тартиб таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3016-2, 04.07.2019 й.)

Киритилган қўшимчаларга кўра, давлат харидларини амалга оширишда танлов иштирокчиларининг 3 таси ёки ундан ортиғи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин.

Дaвлaт хaриди – бу товарларни (ишларни, хизматларни) давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олишдир.

Эстатиб ўтамиз "Адлия минбари” кўрсатуви тўғридан тўғри эфирга узатилмоқда.

 

Ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд хорижий валютани қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 1165-9, 05.07.2019 й.)

 

Киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахс – норезидент томонидан ташқи савдо шартномаси бўйича дебитор қарздорликларни сўндириш учун ҳам нақд хорижий валютани қабул қилиш мумкин.

 

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада, Президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (ПФ–5759, 05.07.2019 й.)

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларига эга фуқаролар фақат олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар.

Илгари республиканинг барча олий таълим муассасаларига киришда мазкур имтиёз берилган.

Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларига эга фуқаролар республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганларида қабул квоталаридан ташқари қўшимча ажратилган (5 фоиз) квота доирасида тестларда қатнашади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3171, 01.07.2019 й.)

Низомга мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларини ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган деб топиш Махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

Туман ички ишлар органлари ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тўғрисидаги маълумотларни вилоят ички ишлар органларига юборади.

Вилоят ИИБлар юборилган ҳар бир ходим учун алоҳида йиғма жилд шакллантиради ва уларни Махсус комиссияга юборади.

✅ Махсус комиссия мавжуд материалларни кўриб чиқиб қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

👉 собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш чоғида ҳалок бўлган (ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида;

👉 собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида.

Терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлган ходимлар фарзандларига тегишли олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар берилади.

 

Бундан ташқари ўтган ҳафтада,Ҳукумат қарори (558-сон, 04.07.2019 й.) билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш бўйича бир қатор низомлар тасдиқланди.

 

Жумладан

👉 Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти тўғрисидаги;

👉 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисидаги;

👉 Туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисидаги.

 

Бош вазир қабулхонаси томонидан мурожаатларни қабул қилишнинг белгиланган тартибига кўра, қабул жадвали асосида Ишчи гуруҳ томонидан Бош вазир қабулхоналарида тадбиркорлар ҳамда чет эллик инвесторларни қабул

қилиш ҳар куни соат 9.00 дан 13.00 гача амалга оширилади.

Соат 14.00 дан 18.00 гача куннинг биринчи қисмида келиб тушган мурожаатларни умумлаштириш, рўйхатга олиш, ягона порталга киритиш ва бошқа функционал вазифалар амалга оширилади.

Бош вазир қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.

 

Шунингдек, Ҳукумат қарори (563-сон, 05.07.2019 й.) билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали ташкил этилди

 

Қарорга мувофиқ, психология, педагогика, математика ва табиий фанлар, механика ва бошқа эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

 

Шунингдек, Филиал психология соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида малакали кадрлар тайёрлайди.

 

2019/2020 ўқув йилида Филиалга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

 

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Тадбиркорлар ва чет эллик инвесторлар шахсан мурожаат қилган тақдирда Бош вазир қабулхонасида навбат бўйича тартиб рақамини олади ва кутиш учун ажратилган жойда ходимнинг чақиришини кутади.

Бепул юридик ёрдам тизими такомиллаштирилади

Эстатиб ўтамиз "Адлия минбари” кўрсатуви тўғридан тўғри эфирга узатилмоқда.

Ўтган ҳафтада, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги бизнес ва бошқарув республика олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3128-1, 08.07.2019 й.)

 

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Олий мактабда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш кундузги шаклда, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда эса ситрқи, кечки шаклларда, шунингдек масофавий амалга оширилади.

 

Олий мактаб магистратурасида мутахассислар ишлаб чиқариш (камида 1 йил) ва илмий-педагогик (камида 2 йил) йўналишлар бўйича тайёрланади.

 

Илгари "Лойиҳа бошқаруви” бўйича 1 йиллик, "Бизнес бошқаруви” бўйича 2 йиллик магистратурада ўқитиш амалга оширилган.

 

Магистратурага кириш ёзма имтиҳон ва тест синовлари шаклида амалга оширилади.

 

Илгари тест ва суҳбат шаклида амалга оширилган.

 

Номзодларнинг иш стажига эга бўлишига оид талаб бекор қилинди.

 

Илгари ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги таълимга уч йилдан кам бўлмаган, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълимга беш йилдан кам бўлмаган стажга эга фуқаролар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

 

Қарор билан давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси тасдиқланди.

 

Комиссия «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқади.

 

Истиқлолни тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика танловининг якуний босқичи ўтказилади.

 

Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинади ва тақдирланади.

 

Шунингдек, «Энг улуғ, энг азиз», «Ранглар жилосида – она диёр», «Ватан учун яшайлик!» каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказилади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–548, 08.07.2019 й.)

 

✅ Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, фойдаланиш, бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш:

👉 фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан (608 минг 190 сўмдан) 5 бараваригача (1 млн 13 минг 650 сўмгача);

👉 мансабдор шахсларга 5 бараваридан (1 млн 13 минг 650 сўмдан) 10 бараваригача (2 млн 27 минг 300 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

 

Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача (10 млн 136 минг 500 сўмгача) жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Мазкур жавобгарлик чоралари 2019 йил 1 октябрдан кучга киради.

 

Қонун билан Миллий гвардия органлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўрувчи ҳамда суриштирув органлари қаторига киритилди.

Шунингдек, Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди (ПФ–5761, 09.07.2019 й.)

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан табиий газни ва электр энергиясини сотишдан тушадиган маблағлардан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар, қўшилган қиймат ва акциз солиғини чегириб ташлаб, 5 фоиз миқдорда амалга оширилади.

 

Илгари тушган маблағларнинг 10 фоизи ўтказилган.

 

2019 йил охиригача Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланганлар сони 2,5 млнга етказилади ҳамда 2020 йил охиригача 100 фоиз истеъмолчилар тизимга уланади.

 

Бунинг учун Жамғарма маблағларидан 100 млрд сўм маблағ ажратилади.

 

2020 йил 1 январдан прокуратура органлари ходимлари бир қисмининг таъминоти Жамғармадан Давлат бюджетига ўтказилади.

 

Ҳукумат қарори (566-сон, 09.07.2019 й.) билан Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

 

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилади.

 

Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар – хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган шахслардир.

 

Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра 1 ойдан 12 ойгача муддатга, меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар берилади.

 

Аризалар 3 кунда кўриб чиқилади.

 

Гувоҳномада кўрсатилган давр пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига киритилади.

 

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга банклардан Бандликка кўмаклашиш жамғармалари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар ажратилади (http://www.lex.uz/ru/docs/3824637).

"O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

(ПҚ–4390-сон, 11.07.2019 й.)

 

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан "O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилади.

 

Қарор билан телеканалнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди.

 

Унга мувофиқ, телеканалнинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, чет эл жамоатчилигини кенг хабардор қилиш ҳисобланади.

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (568-сон, 09.07.2019 й.)

 

Киритилган ўзгартиришлар қўриқлаш хизмати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия органларига ўтганлиги боис баъзи объектларни қўриқлашга Миллий гвардия органлари масъул эканлигини назарда тутади.

 

Хусусан, алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганларни мажбурий даволашга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларини, дипломатик ваколатхоналарни қўриқлаш шулар жумласидандир.

 

Шунингдек, ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек тиғли қуролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш фаолияти эндиликда Миллий гвардия органлари томонидан лицензияланади.

 

Илгари Ички ишлар вазирлиги томонидан лицензияланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида ва Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига https://regulation.gov.uz (https://regulation.gov.uz/uz/document/4329) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган.

 

Ушбу қонунлар лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.