“ЁШ КИТОБХОН” КЎРИК-ТАНЛОВИ туман босқичи якунланди

“ЁШ КИТОБХОН” КЎРИК-ТАНЛОВИ туман босқичи якунландиМаънавиятимизнинг юксалиши, онг ва савия даражамизнинг кўтарилиши ҳамда руҳий оламимизнинг камолга етиши айни китоб мутолааси жараёни билан боғлиқдир. Китоб тўғри йўлга бошловчи, ҳамиша одамларни ҳаёт ҳақиқатига тик боқишга ундайдиган, билимларимизни бойитувчи хазинадир. Китоб инсонни тўғри йўлга бошлайди. Энг оғир дамларида содиқ дўст, ҳамроҳ бўлади.

Бугунги глобаллашув жараёнида инсонни ўз атрофига оҳанрабодек тортадиган кучлар бисёр. Инсоният ақл-тафаккурининг маҳсули бўлган ахборот коммуникация технологиялари айни кунда бизнинг яқин ҳамроҳимиз, овунчоғимизга айланган. Ўзимизга керакли бўлган ахборотни, маълумотни бир лаҳзада қўлга киритиш имконияти мавжуд. Ҳатто электрон дарсликлар, адабиётларни ҳеч иккиланмай интернет тармоғидан юклаб олиб ўқишимиз мумкин. Аммо улар китоб мутолаасининг ўрнини ҳеч қачон боса олмайди. Айниқса, бадиий адабиётни мутолаа қиларканмиз, ундан оладиган лаззатнинг гашти ўзгача бўлади. Чунки китоблар ўзга олам, ўзга дунё. Бу дунёнинг сеҳрини ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Ана шу оддий ҳақиқатни фарзандларимиз онгига сингдириш мақсадида Республикамиз миқёсида китобхонлик тадбирлари, китоб ярмаркалари, турли кўрик-танловлар ташкил этилаётир. Ана шундай нуфузли тадбирлардан бири Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил этилаётган "Ёш китобхон” Республика кўрик танловидир.

Қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини, умумбашарий цивилизация, маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга безавол етказиш, уларнинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 майдаги "Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3721 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу кўрик-танлов уч ёш тоифасида, 4 босқичда ташкил этилмоқда.

Яқинда туманимиздаги 1-умумтаълим мактабида кўрик-танловнинг 2-босқичи бўлиб ўтди. ТуманМаънавият ва маърифат бўлинмаси, Ёшлар иттифоқи туман бўлими Кенгаши, туман Халқ таълим бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 10 ёшдан 14 ёшгача, 15 ёшдан 19 ёшгача ва 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган китобхонлар ўзаро беллашишди. Иштирокчилар ўзбек адабиёти ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналаридан қанчалик баҳраманд эканликларини намойиш этишди.

Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳсларда 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасидаСевара Бобоёрова, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган китобхонлар ўртасида Маржона Нодирқулова, 19 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ўртасида эса Зоир Раҳмоновлар ғолиб деб топилиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Тадбир сўнггида ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Жонибек ЖУМАЕВ,

                                                                                                                                    "Камалак” болалар ташкилоти раиси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.