Ҳ А Ш А Р - Э Л Г А Я Р А Ш А Р

Ҳ А Ш А Р - Э Л Г А   Я Р А Ш А РХалқимизда азалдан яшаб турган жойларини саранжом-саришта тутиш одатга айланган. Ободончилик ва бунёдкорлик ишлари эса ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда бирдамликда амалга оширилган. Уюшқоқлик билан жамоа бўлиб қилинадиган юмушларга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Кимдир ўз меҳнати, яна қайси бир юртдошимиз саховати билан, бошқа бири эса ўзининг олтинга тенг дуо-ю, эзгу тилаклари билан хайрия тадби-рида иштирок этишга ошиқади. Айниқса, улуғ айёмлар, катта тантаналар олдидан умумхалқ хайрия ҳашарларини ўтказиш юртимизда анъанага тусига кирган бўлиб, ушбу тадбирларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча юртдошларимиз фаол иштирок этишга ҳаракат қилади. Энг улуғ, энг азиз айёмимиз мустақиллигимизнинг 27 йиллиги олдидан 18-19 август кунлари юртимизнинг барча гўшаларида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Барча жойларда бўлгани каби туманимизда ҳам бу йилги умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтди. Шу куни барча турар жой мавзелари, маҳаллалар, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, қабристонлар, ариқлар ва кўча йўлаклари тозаланиб тартибга келтирилди. Ҳашарда 31255 нафар фуқаро фаол иштирок этди.

Хайрия ҳашарида 5,6 км майдон ободонлаштирилди. 28,3 км ариқ ва завурлар қазилиб, хас-хашаклардан тозаланди. 24350 туп мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилиб оқланди. Қабристонлар тартибга келтирилди. Шу куни туманимиздаги барча маҳаллаларда истиқомат қилаётган жисмоний имконияти чекланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилди.

Дарвоқе, умумхалқ байрамлари арафасида бу каби ҳашарларни ўтказилишида ажиб бир ҳикмат бор. Ана шу ҳикматли кунлар ҳеч қачон ҳеч биримизни тарк этмасин. Аллақачон ўлмас қадриятга айланиб қон-қонимизга сингиб кетган ҳашар ҳар бир юртдошимизни бирдамликка, меҳр-оқибатга чорлаши билан ҳам қадрлидир.

Дилфуза БЕРДИЕВА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.