ТАШКИЛИЙ МАСАЛА КЎРИЛДИ

Жорий йил 22 июль куни туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Уни Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Г. Пайзиев бошқариб борди.

Халқ депутатлари вилоят ва Навбаҳор тумани Кенгашлари депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли корхона ташкилотлар мутасаддилари ва ОАВлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган сессия ишида ташкилий масала кўрилди.

Сессияда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қ. Б. Турсунов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Нотиқнинг таъкидлашича, кейинги вақтларда туманда ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси, хусусан қишлоқ хўжалиги, саноат, кичик ва ўрта бизнес соҳалари, "Обод қишлоқ дастури”, хотин- қиз-лар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари ҳамда Инвестиция дастурлари ижроси мутасадди раҳбарларнинг эътиборсизлиги туфайли ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бунинг натижасида туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш кўрсаткичлари аввалги йиллар билан таққосланганда, киши дилини хира қиладиган паст даражага тушиб қолганини қандай изоҳлаш, ёки қандай тушуниш мумкин?! Таъкидланганидек, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя, эзгу тамоилни айрим раҳбарлар унутиб қўйганликлари ҳам юқорида қайд этилган нохуш ҳолатларни юзага келиши сабаб бўлган, десак муболаға эмас. Қ. Турсунов туманда олиб борилган ишларни танқидий таҳлил қилар экан, шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Б. Б. Бобоназаровни ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарорини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Қ. Турсунов туман ҳокими вазифасига ҳозирга қадар вилоят ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Л. Облақулов номзодини тавсия этиб, унинг таржимаи ҳоли билан иштирокчиларни яқиндан таништирди. Тавсия этилган номзоднинг иш-фаолияти юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Н. Исоқов, вилоят "Нуроний” жамғармаси раиси Ж. Норов, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати А. Бобомуродова ҳамда туман "Нуроний” жамғармаси раиси Ш. Азимовлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шундан сўнг Б. Б. Бобоназаровни Навбаҳор тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги, Л. Н. Облақуловни эса Навбаҳор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарорини Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари бир овоздан маъқуллашди. Сессия ишида тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган Л. Н. Облақулов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ишончини оқлашга, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ўзининг бор билим ва куч-ғайратини бағишлашини алоҳида таъкидлаб, юксак ишонч учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бобоқанд УМАРОВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.