М Е Ҳ Н А Т Д А Н К Е Л С А Б О Й Л И К...

М Е Ҳ Н А Т Д А Н   К Е Л С А   Б О Й Л И К...Айни чоғда юртимизда миллий бойлигимиз ҳисобланган ипак қуртини парваришлаш қизғин паллага кирган. Кумуш тола ижодкорлари жорий йилда ҳам мўл ҳосил етиштириб, меҳнатининг самарасини кўриш ниятидалар.

-Ҳозирда ипак қуртини парваришлаш бир йилда 3 маротаба, яъни биринчи мавсум май ойида, иккинчи мавсум июнь ойида, учинчи мавсум эса август ойида амалга оширилади,-дейди туман "Агропилла” МЧЖ директори Наби Элов. -Айни чоғда 2323 та фермер хўжаликлари, 120 нафар касаначи пиллакорлар ва ширкат хўжаликларига 3630 қути ипак қурти тарқатилган бўлиб, давлат томонидан белгиланган режани 120 фоизга ортиғи билан уддалашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бундан ташқари, режани ортиғи билан бажарган пиллакорларимизга пул мукофоти, озиқ-овқат маҳсулотлари берилади. Бир мавсумда ипак қурти парваришлаган ҳар бир фуқарога меҳнат дафтарчаси расмийлаштирилиб, 1 йиллик иш стажига эга бўлади.

Шунингдек, 3 мавсумда ҳам ипак қурти боқиб, режани ортиғи билан бажарган, ўзига тегишли бўлган томорқада 200 тупдан 600 тупгача тут дарахтини етиштирган фуқароларимизга 50 бош товуқ берилади ва 1 йиллик ер солиғидан озод қилинади.

Маҳалламиздаги "Қаҳҳор Саид” фермер хўжалигининг моҳир пиллакори Гулмира Мустафоева плёнка остида ипак қурти боқиб, муддатидан аввал зафар қучиб эл олдида юзи ёруғ бўлди.

-Мен қарийб 15 йилдан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланаман, -дейди суҳбатдошимиз Г.Мустафоева. -Янги мавсумда 35 грамм ипак қуртидан 160 кг пилла ҳосили олиб, режани 152 фоизга бажардим. Бу жараёнда менга асосан оила аъзоларим, қўни-қўшниларим яқиндан кўмаклашишди. Шунингдек, "Қаҳҳор Саид” фермер хўжалиги раҳбари Дониёр Саидовдан ҳам миннатдорман.

Туманимиз бўйича биринчилардан бўлиб ипак қурти парваришлаб давлат шартномавий режасини ортиғи билан бажарган пиллакоримиз ўзларининг меҳнати самарасидан мамнун бўлган ҳолда, моддий манфаатга ҳам эга бўлишмоқда. Энг асосийси, меҳнатдан келса бойлик-турмуш бўлар чиройлик, деб шунга айтса керакда.

Фазолат ҚАЛАНОВА,

"Кўҳрон” маҳалла фуқаролар йиғинининг

Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.