“ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ АВЛОД” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди

“ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ АВЛОД” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтдиЯқинда 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида "Юксак маънавиятли авлод” республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик ҳамда миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар руҳида тарбиялаш, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни ёш авлод онгига сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросини бугунги тараққиёт талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш, тарғибот ишларини миллий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этиш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан имзоланган меморандуми доирасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда тумандаги барча умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларидан 350 нафар ўқувчилар 8 та номинация бўйича беллашдилар.

Натижаларга кўра, 14-16 ёшлилар ўртасида "Бадиий ижод” номинацияси бўйича 15-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Абдураззоқова ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти асарлари билимдони” номинациясида 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Худойбердиев, "Мустақиллик тарихи билимдони” номинациясида 20-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Исматуллаев, "Энг иқтидорли ҳунарманд” номинациясида 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Зиёдуллаевалар ғолибликни қўлга киритишди. Бундан ташқари, "Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом” номинацияси бўйича 23-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Остонова, "Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер” номинацияси бўйича 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси Р.Адизова, "Ватан куйчиси” номинацияси бўйича 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Г.Одилова, "Юксак маънавиятли авлод” номинацияси бўйича 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Б.Одиловлар ғолиб бўлишди.

Тадбирда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ҳам энг иқтидорли ва салоҳиятли 8 нафар ўқувчилар саралаб олинди. Ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар танловнинг вилоят босқичида туманимиз шаънини ҳимоя қилишади.

Ҳадия МИРЗАЕВА,

25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.