Т А Р А Қ Қ И Ё Т К У Ш А Н Д А С И

Бугун дунё мамлакатлари давлат ва жамият бошқарувида демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир пайтда давлат хизматчиларининг порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий-иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Коррупция бу-мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролик жамияти институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етганлигини таъкидлаб ўтган эди.

Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.

Умуман олганда, жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат ҳокимияти органларига муайян қарорларни қабул қилиш бўйича мурожаат этиш, давлат ҳокимияти органлари ваколатига кирувчи масалалар бўйича сўровларни амалга ошириш, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллалар ҳудудларидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш каби шаклларда йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, бугунги кунда давлат Дастурлари талабларининг фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижросини таъминлашда жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва ўрганиш, натижалари бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисоботларини эшитиш ва шу орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, маҳаллий давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш тадбирлари самарали олиб борилмоқда. Бу эса, жамоатчилик на-зоратининг жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топиши, шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил эканидан далолатдир. Жорий йилнинг 3 январида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Хусусан, Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар белгилаб берилди.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари этиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати-(ДХХ) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти белгиланди. Шунингдек, қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича. Идоралараро комиссиялар ва улар фаолияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари алоҳида белгилаб берилди.

Жиноятни жазолашдан кўра, уни олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноятларнинг олдини олиш жиноят қонунининг асосий вазифаларидан бири сифатида бежизга белгилаб қўйилмаган.

Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатига қарши курашда нафақат давлат органлари, балки жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар. Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.

Акрам ҲАМРОЕВ,

Навбаҳор туманлараро суди раиси вазифасини

вақтинча бажарувчи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.