“МЕҲР БОҒИН БАҲОРИСИЗ, МУҲТАРАМ АЁЛ!”

“МЕҲР БОҒИН БАҲОРИСИЗ,  МУҲТАРАМ АЁЛ!”Яна ўлкамизга келинчакдек сепини ёйиб баҳор кириб келди. Унинг хушҳол, беғубор ва нурафшон насими борлиқ узра оҳиста ёйила бошлади. Эрта кўклам ҳавосининг тоза ва илиқ тафти, ифори кўнгилларга ҳам оҳиста кўчди. Она табиатдаги бу ўзгариш, яшариш, қалблардаги кўтаринки кайфият байрамларнинг бошланишидан дарак аслида.

Дунё яралибдики, аёл энг мўътабар зот, инсоният ғамхўри, бахт ва муҳаббат тимсоли сифатида улуғланади. Аёл-мўъжиза, илоҳий хилқат. Сирли китоб, мисоли офтоб, мукаммал бир зот. У табиатан шундай яралган. Дарҳақиқат, оқила фарзанд номига эришган ҳар бир аёл борки, уларнинг барча-барчаси юксак эътибору эъзозга лойиқ. Ҳа, аёл миллат юзидаги нур. Шу сабаб юртимизда хотин-қизлар юксак эътибор ва эъзозда.

Аёл ...У муҳаббат, садоқат, меҳрни қалбида худди қуёшдай кўтариб юради. Гоҳида ана шундай буюк туйғулар эгаси эканлиги ҳам ёдидан чиқиб қолади. Оддийгина турмуш ташвишларига шунчалар кўмилиб кетадики, буни бир сўз билан аёл матонати дейиш мумкин.

Айни кунларда жойлардаги ташкилоту ўқув муассасаларида Хотин-қизлар қўмиталари ва касаба уюшмалари ташкилотлари ташаббуси билан турли соҳаларда меҳнат қилаётган фидойи аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 8 март-Халқаро Хотин-қиз-лар байрами муносабати билан туман ҳокимлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида "Нуронийлар маскани”да "Меҳр боғин баҳорисиз, муҳтарам аёл!” деб номланган байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда илғор ва оқила хотин-қизлар иштирок этди.

Байрам тадбирини туман ҳокими Б. Бобоназаров кириш сўзи билан очиб, ушбу қутлуғ айём билан опа-сингилларимизни самимий муборакбод этди. Шундан сўнг фаол хотин-қизлар номидан Н. Қўлдошова сўзга чиқиб, кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш масаласига кўрсатилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Бир пиёла чой устида ўтган тадбирда "Навбаҳор таронаси” ашула ва рақс халқ дастасининг дилрабо куй-қўшиқлари давра файзига-файз киритди.

-Мен бугун туман ҳокимлигининг "Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғасини олганимдан ниҳоятда хурсандман,-дейди Ф.Бобоева. Аёл зотига бир оғиз ширин сўз, озгина эътиборнинг ўзи катта мукофотдир.

 

Нурия БЕКОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.