М У С Т А Ҳ К А М К Ў П Р И К

"Бешрабод” маҳалласи туманимиз марказида жойлашган, ҳудуди жиҳатидан энг катта маҳаллалардан биридир. Айни пайтда бу масканда 2518 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1405 нафарини аёллар, 1010 нафарини эса вояга етмаганлар ташкил этади. Маҳалла ҳудудида 24 та ташкилот ва 1 та касб-ҳунар коллежи фаолият олиб боради.

Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган турли профилактик тадбирлар олиб борилишига қарамасдан жиноятчиликлар сони ортиб кетган.

Яқинда туманимиздаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган йиғилишда ана шу хусусида сўз борди. Туман ҳокимлиги вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, маҳалла фаоллари ва маслаҳатчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда жорий йил 15 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида видеоселектор йиғилишида кўрсатиб ўтилган камчиликлар тумандаги "Бешрабод” маҳалласи мисолида таҳлил этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг ўринбосари, полковник А.Мирзаев сўзга чиқиб, тумандаги "Бешрабод” маҳалласида намунавий "Йўл харитаси” асосида кунлик олиб борилаётган ишларни ташкил қилиш, "Бешрабод” маҳалласини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, келгусида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича видео кузатув мосламаларини ўрнатиш лозимлиги, маҳалланинг кириб-чиқиш нуқталарида жамоатчилик назорати масканини ўрнатиш, жамоатчилик иштирокида рейдлар ташкил қилиш, содир бўлган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятни кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этиш, маҳалла ҳудудида жойлашган таълим муассасаларида давоматни яхшилаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, масъулларга керакли кўрсатма ва тавсиялар берди.

Йиғилишда туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси И.Хўжаева, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Ф.Эргашевлар ҳам сўзга чиқиб, тумандаги мавжуд маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳолининг, жумладан хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, аҳоли ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳисобот берди.

Шунингдек, тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Т.Тошпўлатов ва "Бешрабод” маҳалла фаоллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Аслида маҳалла азалдан ибрат мактаби бўлиб келган. Энг олижаноб қадриятлар маҳаллада шаклланиб, маҳаллада камол топган. Шу боис ҳам маҳалла давлат ва халқ ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини ўтайди. Шундай экан, маҳаллаларимиз бағрида фақат эзгуликлар вояга етсин.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.