МАҒРУР ҲИЛПИРАЙВЕР ЮРТИМ БАЙРОҒИ

МАҒРУР ҲИЛПИРАЙВЕР ЮРТИМ БАЙРОҒИБугун Ўзбекистонни, ўзбекни дунё тан олди. Айниқса, фарзандларимизнинг санъат, маданият, фан ва спорт бўйича халқаро миқёсда қўлга киритаётган ютуқлари ва улар шаънига мадҳиямиз янграб, давлатимиз байроғининг мағрур ҳилпираши ҳар қандай миллатдошимизнинг кўзларида фахр ва қувонч ёшларига сабаб бўлади. Ана шундай пайтларда қалбимизда ғурур ҳисларини туямиз. Аждодларга муносиб ворис сифатида вояга етаётган ёш авлодга қарата ҳали сиз бундан ҳам буюк ишларга қодирсиз, сиз бизнинг ишончимиз, суянчимиз, эртамиз эгаларисиз, дея ҳайқиргимиз келади.

Юртимиз истиқлолга эришгач, унинг давлат сифатида шаклланишида давлат рамзлари ҳам зарур эди. Шу боис мамлакат арбоблари, сиёсатчилари, олимлари олдида унинг рамзлари устида бош қотириш каби муҳим масала кўндаланг турар эди. Изланишлар ва ўрганишлардан сўнг байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизнинг хомаки вариантлари ишланиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Шундай қилиб, 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII-сессиясида "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Байроғимиз ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу-яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Байроқда оқ ранг муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг-поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг-табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил ранг эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳамдир.

Юлдузлар барча учун илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга эга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим. Давлат рамзлари бу бизнинг шаънимиз, ғуруримиздир. Биз ватан озодлиги учун бўлган жангларда сўнгги дамгача юрт яловини душман қўлига топширмаган шайх Нажмиддин Кубролар авлодларимиз. Шундай экан, юрт тупроғини, унинг байроғини асраб-авайлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.