14 февраль-Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун Д И Л Б А Р Ш А Х С

Ҳар бир халқнинг тарихий ва маданий-миллий қиёфасини белгилайдиган буюк шахслари, олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, истеъдодли саркарда, Ҳиндистонда 332 йил ҳукм сурган Бобурийлар сулоласининг асосчиси сифатида бутун дунёга маълум ва машҳур дилбар шахсдир. Қолаверса, Бобур фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва набобат оламининг билимдони сифатида ҳам ўз давридаёқ ном қозонган. Биз унинг биргина "Бобурнома” асарини ўқиганимизда унинг 20 дан ортиқ соҳага қизиққанлигига гувоҳ бўламиз.

У 1497 йилда 14 ёшида бобоси Амир Темур ҳукм-ронлик қилган Самарқанд тахтини эгаллайди. Бу даврда ёш подшоҳ кўп талотўпларни бошидан кечиради. Шайбонийхон билан ўртадаги зиддиятлар, кескин қарама-қаршиликлар натижасида у кўп вақт ўтмасдан Самарқандни тарк этишга мажбур бўлади. Сўнгра жануб томон йўл олиб, Қобулда ўз ҳокимиятини ўрнатади. Кейинчалик 1505-1515 йилларда у Марказий Осиёга қайтишга бир неча бор уриниб кўради. Лекин бу орзулар, интилишлар сароблигича қолиб кетади. Бобур Мирзо ўз салтанати давомида жуда кўп бор жангу жадаллар, қонли тўқнашувларга дуч келади. Шу тариқа Ҳиндистон сори юзланган Бобур Ҳиндистон тахтини эгаллашга эришади.

Бобур Ҳиндистонда кўп яшамайди. Лекин у қисқа вақт давомида салтанатини янада мустаҳкамлаб, ватан соғинчи тимсолида ўша заминни обод этди. Кўплаб мадраса ва кўприклар, йўллар, боғу роғлар барпо этади. Энг асосийси, етти мўъжизанинг бири саналган "Тожимаҳал”ни бунёд эттиргани асрлар оша бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Кези келганда Ҳиндистоннинг буюк давлат арбоби Жавоҳарлаъл Нерунинг "Жаҳон тарихига бир назар” номли асарида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида билдирган қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни жоиз, деб топдик. "Бобур-дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмронлигининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган. Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланиш ва мутаассибликдан йироқ эди... Бобур санъат ва айниқса адабиётни севарди.”

Дарҳақиқат шундай. Бобурдан олдин бадиий адабиётда ҳеч бир шоҳ ҳам, шоир ҳам кўрган-кечирганларини, ютуқ ва камчиликларини бу қадар ҳаққоний ҳамда дадиллик билан баён этмаган. Ҳа, бу улуғ зот ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар билан юзма-юз яшаб ўтди. Биз ана шундай боболаримиз борлигидан фахрланамиз.

Тарихий хотирасиз келажак қуриб бўлмайди,-деган эди давлатимизнинг Биринчи раҳбари И.Каримов. Чиндан ҳам биз аждодларимиз қолдирган бой адабий-маънафий меросни асраб-авайлаб, кейинги авлодга бус-бутунлигича етказсак шунинг ўзи ҳам улкан саодатдир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.