Н А В О И Й И Ж О Д И Г А Б А Ғ И Ш Л А Н Д И

Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан вилоятимизда тадбирлар, адабий-бадиий учрашувлар ва шеърият кечалари ўтказилаётир. 9 февраль куни Навоий щаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи одамлар билан гавжум бўлди. Бу ерга ташриф буюрганлар шоирга ҳурмат бажо келтириб, унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Навоий шаҳридаги "Фарҳод” маданият саройида вилоят ҳокимлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, НДПИ, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда "Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда "Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатлapидан ташриф буюрган навоийшунос олимлар ва республикамизнинг барча ҳудудларидан 150 нафарга яқин таниқли академиклар, профессор олимлар, ижодкор зиёлилар. маънавий соҳа мутахассислари, тарғиботчилар, фаоллар, нуронийлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ёш олимлар иштирок этишди. Дастлаб анжуман иштирокчилари Нурота туманидаги "Чашма” ва Кармана туманидаги "Малик-Работ”, "Сардоба”, "Қосим Шайх” каби тарихий обидаларни зиёрат қилиб, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар билан танишдилар. Шундан сўнг анжуман қатнашчилари Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги бобокалонимиз ҳайкали пойига гуллар қўйиб, шоирга ҳурмат бажо келтиришди.

Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея таъкидлаш мумкин. Чунки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1991 йилга "Алишер Навоий йили” номи берилган эди. Юртимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг равнақи учун бахшида этган эди.

Халқаро конференцияни вилоят ҳокими, сенатор Қ. Турсунов кириш сўзи билан очиб, буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди, бебаҳо мероси ҳамда аллома асарларининг инсоният камолотидаги аҳамияти хусусида гапириб, барчани қутлуғ байрам билан табриклади.

Шундан сўнг Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Ш. Сирожиддинов шоир асарларининг қиёсий-типологик, текстологик таҳлиллари ҳақида сўз юритиб, глобаллашув даврида она тилимизнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, Навоий асарларининг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва ҳар томонлама ривожлантиришга замин яратишини қиёсий таҳлиллар асосида тушунтириб берди.

Она тилига мухаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси онгу шууримиз, юрагимизга аввало, Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанча кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳам сўзга чиқиб, шундай деди:

-Мамлакатамизда Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда улуғ шоирнинг 20 жилдлик мукаммал, 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашр этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод” фонди томонидан буюк мутафаккирнинг "Хазойин ул-маоний” асарини жаҳоннинг ўн тўрт тилида нашр этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа доирасида илк бор рус тилида нашр этилди. Шунингдек, атоқли адиб Ойбекнинг "Навоий” романи ҳам инглиз тилига таржима қилинди.

Конференцияда Озарбайжон давлатидан ташриф буюрган профессор Алмаз Улвининг "Навоийнинг Озарбайжон илмида илмий-назарий ўрганилиши” мавзусидаги маърузаси тингланди. У ўз маърузасида Навоий асарларида Ватан ва ватанпарварлик, қаҳрамонлик, мардлик, матонат, бағрикенглик, инсонийлик, меҳр ва муҳаббат, миллий маънавий қадриятлар ардоғи мутлақо такрорланмас қирралари билан намоён бўлиши хусусида тўхталиб ўтди.

Будапешт университетининг туркология бўлими мудири, венгриялик навоийшунос олим Бенедек Пери, "Алишер Навоий меросини атрофлича таҳлил қилиш ва ўзлаштириш, Навоий ижодида халқпарварлик, ватанпарварлик ва халқона донишмандликка асосланган ижод намуналарини кенг тарғиб қилиш” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, анжуманда Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган профессор Азамат Акбар "Навоий асарларида устоз-шогирд масаласи” мавзусидаги маърузасида Алишер Навоий ҳаёти, ижоди ва шахсий фаолиятини ўрганиш жараёнида маънавий-ахлоқий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар, айниқса комил инсон, баркамол авлодни тарбиялашда, уларда халққа фидойилик билан хизмат қилиш ҳиссини шакллантириш, Навоий меросининг ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрнини тушунтириш, бугунги кунда ҳар бир педагог қарашларида муҳим аҳамиятга эга бўлиши хусусида фикр билдирди.

Халқаро илмий-амалий конференция баҳс-мунозара тарзида давом этиб, омма-вий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги ахборот таҳлил хизмати мутахассиси О. Аслонов, НДПИ проректори С. Ходжисв, ёзувчи А. Жўраев ва бошқалар иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.