Туман ҳокими Нарзиев Абдуразоқ Узоқовичнинг “14 январ Ватан Ҳимоячилари куни”га бағишланган байрам ТАБРИГИ

Ассалому алайкум азиз дўстлар,

ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Шу кунларда биз Ўзбекистон Республикасининг тинчлик, осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз хизмат бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган ватанимиз ҳимоячиларининг қутлуғ 25 йиллик айёмини катта қувонч, улкан ютуқлар ва энг асосийси, шукуроналик ва яхши кайфият билан нишонламоқдамиз.

Шу муносабат билан Сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги ҳамда 14 январь-"Ватан ҳимоячилари куни”байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ватан деганда аввало, барча- барчамизнинг кўз ўнгимизда онажонларимиз тимсоли гавдаланади. Негаки, ватан ва она тушунчалари бири бирига шунчалик чамбарчас боғлиқки, зинҳор айро тутиб бўлмайди. Оналаримиз сизу бизни оқ ювиб оқ тараб, оқ сут бериб, бутун жисму жонини, иссиқ меҳрини, керак бўлса бутун умрини бағшида этишга тайёр. Муаззам ватанимиз ҳам барчамизга ана шундай эҳтиром ва эркни инъом этганини сўз билан ифодалаш мушкул. Шунинг учун ҳам жаннатмакон диёримизни севиб ардоқлашга, тинчлик ва осойшталигини кўз қорачиғидек асрашга барчамиз бирдек масъулмиз.

Аслида ватан, она юрт ҳимояси, ўзини ана шу заминнинг чинакам фарзанди, деб ҳисоблаган ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир.

Азиз дўстлар, тадбир иштирокчилар!

Тинчлик ва осойишталик, хотиржамлик ҳукм сурган жойда эзгу ишлар бардавом бўлади. Бу ҳаётий ҳақиқатни халқимиз истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, олижаноблик ва меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар ҳар қачонгидан
юксак чўққиларга кўтарилгани, осмонимиз мусаффолигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатлар мисолида янада теран англаб етмоқда.

Шу боис ҳам файзли дастурхон атрофида, турли учрашув ва давраларда ана шу ўзгаришлар тилга олинади, мустақиллик берган имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапирилади. Кўпни кўрган кексаларимиз дуога қўл очганда, "Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, хонадонларимиздан файзу барака аримасин”, дея тилак билдиришади.

Албатта, бу муваффақиятларнинг асоси тинчлик билан чамбарчас боғлиқ. Табиийки, бугунги замонда осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаслигини дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор киши жуда яхши англайди. Кескинлик ва хавф-хатарларнинг тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бораётгани бизни улардан тўғри хулоса чиқаришга, ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ҳар биримизни шукрона айтиб яшашга, қўлга киритган аҳамияти бебаҳо ютуқларимизни қадрлаш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.

Фахрланиб айтсак арзийдики, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати боис мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга миллий армиямиз шаклланди.

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди. Ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва бебаҳо инсоний фазилатларни камол топтирадиган ўзига хос мактабга айланди.

 

Қадрли тадбир иштирокчилар!

2003 йилдан бугунги кунга қадар туманимиздан 3510 нафарга яқин йигитларимиз Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган бўлса, Сафарбарлик чақируви резервида эса 5127 нафардан ортиқ фарзандларимиз ватан олдидаги ўз йигитлик бурчларини адо этишди.

Бундан ташқари Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 31 октябридаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ҳарбий тавсияномага эга бўлган ёшларимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тестда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёз берилиши эса ёшларимиз учун катта имконият бўлди. Бунинг натижаси сифатида 500 нафарга яқин туманимиз ёшлари ана шундай имтиёзга эга бўлиб, Олий ўқув юртларига ўқишга киришга муваффақ бўлишди. Ҳарбий тафсияномага биноан Олий ўқув юртларига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган 150 нафарга яқин Навбаҳорлик талаба ёшларга 35 фоизлик шартнома маблағининг "Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тўлаб берилиши юқоридаги фикримизни қувватлайди.

Азиз тумандошлар!

Соҳадаги ислоҳотларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 ноябрда қабул қилинган "Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриамал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу Фармонга мувофиқ фуқароларни армия сафига муддатли ҳарбий хизмат йилига бир марта чақириш жорий этилди. Муддатли ҳарбий хизматдаги, сафарбарлик чақирув резервидаги ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, уларда ватанпарварлик каби олижаноб туйғуларни шакллантирувчи кўплаб маънавий-маърифий ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, замонавий шарт-шароитига эга турар жойлар билан таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2007 йил 14 сентябридаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларни турар жой билан таъминлаш тартиби ҳақидаги Низомини тасдиқлаш тўғрисида” ги Қарори ҳам Давлатимиз томонидан ҳарбийларга, уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг намунасидир.

Бугунги кунда эса ушбу Қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳарбийларимиз уй-жой билан таъминланиб, уларнинг фарзандлари бекаму-кўст камол топишлари учун махсус ҳарбий шаҳарчаларда барча қулайлик ва шароитларга эга боғча ва мактабларнинг қурилиб фойдаланишга топширилаётганлиги эса сўзимизнинг яққол исботидир.

Бугунги кунда армиямиз сафларида туманимиздан ҳам юзлаб йигитлар ўз йигитлик бурчини ўтаб келмоқда. Улар ўзларининг ҳарбий билим ва жанговор тайёргарликни ўзлаштиришда яхши натижаларга эришиб, Ватанимизнинг тинчлик ва осойишталигини сақлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлаш орзусида кўплаб йигитларимиз Республикамиздаги нуфузли ҳарбий олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда бугун Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли, муқаддас бурчни ҳар бир фуқаро чин дилдан теран ҳис қилиб яшамоқда.

Айни дамда юртимизда катта байрам шодиёнаси. Қуролли Кучларимиз ташкил топганига 25 йил тўлмоқда. Ана шу муносабат билан аввало иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ҳарбий хизмат фахрийларини, бугунги кунда Ватан ҳимояси каби шарафли бурчни ўтаётган аскарларимизни, уларнинг ота-оналарини марду-майдон йигитларимизни яна бир бор самимий муборакбод этаман.

Сизларга Ватан равнақи, тинчлиги ва осойшталиги йўлида олиб бораётган шарафли ва масъулиятли ишларингизга улкан зафарлар тилайман, амaлгa oширaётгaн эзгу ишлaримизнинг сaмaрaси вa хайрли натижаларидан бaҳрaмaнд бўлиш бaрчaмизгa нaсиб этсин.

Эътиборларингиз учун рахмат!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.