Туман ҳокими А. У. Нарзиевнинг кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан туманимиз халқига йўллаган БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум қадрли тумандошлар,

Азиз навбаҳорликлар!

Ўтаётган ҳар бир кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз сизу бизни тобора Янги йил остонаси томон етакламоқда. Кумуш қишнинг оппоқ фусункор таровати юртдошларимиз қалбини оқликка, покликка буркаб, барчамизнинг кўнглимизда янги йилда янгича орзу-ҳавас, янгича шижоат ва янгича ташаббусларни уйғотади. Шундай экан, мен аввало сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини кириб келаётган янги 2017 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Янги йил жаннатмакон юртимизга, бағрикенг халқимизга олам-олам муваффақиятлар, бири бирини такрорламас қувончли хушхабарлар, бахт ва омад олиб келаётгани рост бўлсин.

Шуни алоҳида қайд этиш мумкинки, мустақиллигимиз асосчиси, давлатимизнинг Биринчи раҳбари муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан ҳаётга тадбиқ этилган "Ўзбек модели” асосида бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида энг тез ривожланаётган бешта давлатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллаши "Соғлом она ва бола йили” номи остида тарих саҳифаларига муҳрланаётган 2016 йилнинг тараққиёт пиллапоясидаги оламшумул воқеасига айланди.

Бироқ, қувонч ва ташвиш бирга юради, деганларидек она диёримизнинг чорак асрлик тўйини кўриш ва унда иштирок этиш марҳум, собиқ олийжаноб йўлбошчимиз Ислом Каримовга насиб этмади. Ушбу машъум хабар халқимиз иродасини қаттиқ синовдан ўтказди. Ана шундай изтиробли паллада муҳтарам Шавкат Миромонович ўттиз икки миллионлик кўп миллатли халқимизни ўз атрофида бирлаштириб, тушкунлик, умидсизлик кайфиятидан олиб чиқди. Бугун барчамиз баралла юксак ғурур ва ифтихор билан айтаоламизки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовдан бизга, халқимизга озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт, жуда ҳам қадри буюк юксак МАЪНАВИЯТ мерос бўлиб қолди.

2016 йил 4 декабрь. Ушбу муҳим сана ватанимиз тарихи саҳифаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни сифатида муҳрланди. Мазкур сиёсий жараёнда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ишончли ғалабаси бутун дунё бўйлаб қанот ёзди. Бўлиб ўтган сайлов демократик тамойиллар асосида очиқ ва ошкоралик, адолат принциплари руҳида ташкил этилганлиги билан хорижлик кузатувчи ва экспертларда чуқур қизиқиш уйғотди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа вақт ичида сайланган Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда янгиланган лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар барпо этиш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳимоялаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, шунингдек бошқа соҳаларда ҳам қатор ҳаётбахш фармон ва қарорларнинг амалиётга тадбиқ этилиши ватанимиз тараққиётида ривожланишнинг янги босқични бошлаб берди. Эндиликда давлатимиз раҳбари Шавкат Миромоновичнинг юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган оқилона ва одилона сиёсатидан навбаҳорлик юртдошларимиз ҳам чексиз миннатдор. Айниқса, Бош вазир "Вертуал қабулхонаси”нинг ташкил этилиши ҳамда жойларда "Халқ қабулхонаси” фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқаролар муаммоларини бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди...

Жорий "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида юртимизда жуда кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилди. Биргина Навбаҳор тумани мисолида гапирадиган бўлсак, йил дастури асосида хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, 400,0 млн. сўм миқдорида имтиёзли банк кредити маблағлари ажратилди. "2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастури”га асосан эса 42 млрд. 244 млн. сўмлик маблағлар эвазига 179 та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилиб, шундан 30 таси саноат, 67 таси қишлоқ хўжалиги, 82 таси хизматлар соҳасидаги лойиҳалар сирасига киради. Натижада йил якуни билан 900 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мазкур лойиҳалар доирасида тумандаги тадбиркорлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, банклар томонидан 28 млрд. 455.0 млн. сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилди.

Шунингдек, жорий йилда ишлаб чиқариш ва бошқа дастурлар бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 110.8 млрд. сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 238.4 млрд. сўмга, пудрат ишлари 70.0 млрд. сўмга, жами хизматлар ҳажми эса 80.6 млрд. сўмга бажарилди. Бу эса ўз навбатида, халқимиз турмуш даражаси йилдан йилга янада фаровонлашиб бораётганидан далолатдир.

Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркам қиёфа касб этмоқда. Айниқса, келажагимиз ворисларининг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда, ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб вояга етишлари борасида янги таълим масканлари барпо этилиб, мавжудлари қайта реконструкция қилиниши натижасида, фарзандимизнинг билим чўққиларини эгаллашлари учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, Инвестиция дастури доирасида 2,5 млрд. сўм маблағ эвазига тумандаги 28-умумтаълим мактаби замонавий қиёфада қад ростлаган бўлса, 240 ўринли 9-умумтаълим мактабининг янги биноси спорт зали билан биргаликда 1 млрд. 807 млн. сўм маблағ ҳисобига фойдаланишга топширилди. 12-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам янги ўқув йилини янги мактаб биносида бошлаши мамлакатимиз Истиқлолининг чорак асрлик тўйига муносиб байрам туҳфаси бўлди. 240 ўринли мазкур мактаб биносини бунёд этиш учун давлатимиз бюджети маблағлари ҳисобидан қарийиб 1 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш соҳасидан маблағ билан таъминланувчи 20 та муассаса учун 13 млрд. 733 млн. сўм маблағ ажратилиб, шундан 244 млн. сўми таъмирлаш харажатларига йўналтирилди. Туманимиз ҳудудида жойлашган вилоят Асаб-руҳий касалликлар шифохонаси 3 млрд. сўм маблағ эвазига реконструкция қилиниб, замонавий қиёфага келтирилди.

Юқорида қайд этганимиздек, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқларимиз қиёфаси шаҳар кўркидан кам бўлмаган даражада чирой очиб бормоқда. Жорий йилда туманимиздаги "Қуйи Бурқут” массивида 15 та, "Шўртепа” массивида 20 та, "Тошработ” массивида эса 5 та умумий қиймати 7,0 млрд. сўмга тенг бўлган 40 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиб, ёш оилалар ихтиёрига топширилди. Мазкур замонавий манзилларда қиймати 100,0 млн. сўм маблағ эвазига аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан қишлоқ жойларда ана шундай замонавий уй-жойларнинг яқин истиқболда қурилиб, халқимиз ихтиёрига топширилиши юртдошларимиз, хусусан, ёш оилалар қувончига олам-олам завқ улашади. 2017 йилда Навбаҳор туманининг "Шўртепа” ҳамда "Бешработ” массивларида умумий қиймати 9 млрд. 400 млн. сўмдан ортиқ маблағ эвазига 76 та ана шундай шинам ва кўркам уй-жойлар барпо этилади. Жумладан, қиймати 2.0 млрд. сўмга тенг бўлган 4 сотихдан иборат 2 қаватли 10 та, қиймати 3 млрд. 220 млн. сўмга тенг бўлган 2 сотихли 2 ва 3 хонали 30 та, умумий қиймати 4 млрд. 200 млн. сўмга тенг бўлган 36 та хонадонга мўлжалланган 2 қаватли 3 та турар-жой бинолари эртага ёш оилаларнинг бахтли ҳаёт кечиришларида орзулари рўёбини таъминлайди.

Кириб келаётган 2017 йилга муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Халқ билан малоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб ном берилиши бутун Ўзбекистон халқини чексиз қувонтириб юборди. Негаки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович таъбирлари билан айтганда "Ким билан бамаслаҳат иш қилишимиз керак-аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”. Аслида ҳар бир мурожаат замирида аввало, инсоннинг дарду ташвишлари, муаммолари ва орзу-умидлари ётади. Бу эса ҳар мутасадди раҳбар зиммасига улкан масъулият юклайди. Халқ дардини тинглаш, оғирини енгил қилиш энг беқиёс саодатдир. Янги йилимизда ана шундай беқиёс саодат ҳеч биримизни тарк этмасин. Юртимиз осмони доимо мусаффо, ватанимиз тараққиёти ҳамиша бардавом бўлсин. Янги йил ҳар бир хонадонга файзу барака, хотиржамлик, бахтли ва фаровон ҳаёт олиб келсин. Яна бир бор Янги йилингиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.