Биз тинчлик ва омонлик истаймиз

Ўзим педагогман. Туманимиздаги коллежларнинг бирида ёш авлодга сабоқ бериб келаман. Ҳар куни эрта тонгда турарканман, кулиб отган яна бир мусаффо тонг учун, бошланган янги бир кун учун дилдан шукрона айтишни канда қилмайман. Дарсга кирарканман болаларнинг кўзидаги келажакка бўлган ишончни, интилишни кўриб баҳри дилим яйрайди.

Бугуннинг ёшлари серғайрат, уларнинг қалбида озод ва обод ватанга бўлган чексиз меҳр, фахр ва ифтихорни сезасиз. Чунки, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида келажагимиз эгаларининг билим олиб камолга етишишлари учун барча шарт-шароитлар Биз тинчлик ва омонлик истаймизяратилган. Мусиқа, спорт, техникага қизиқишадими ёки тил ўрганишни исташадими, улар учун барча йўллар очиқ. Муҳташам спорт заллари, болалар мусиқа ва санъати мактаблари, тил ўрганувчилар учун марказлар, буларнинг барчаси болажонларимиз ихтиёрида. Бу каби ғамхўрликларга жавобан ёшларимиз ҳам барча соҳаларда юксак ютуқларни қўлга киритишаётир.

Аммо, "шоли курмаксиз бўлмайди” деганларидек уларнинг орасида яратилган шароитлардан унумли фойдаланмасдан вақтини беҳуда ўтказаётган, ўткинчи ҳо-ю ҳавасларга алданиб, чет элга ишлаш учун кетган ёшларимиз ҳам бор. Улар ёшликда бирор бир ҳунарнинг бошини тутиш, бир касбнинг эгаси бўлиш ўрнига ёшлик фаслини хазонга айлантираётганлари қалбларни жароҳатлайди.

Бугун ислом динини ниқоб қилиб олган ҳолда, бутун дунёни қўрқувга солаётган, аммо ислом динидан мутлоқа бехабар кимсаларнинг манфур қилмишларидан имон-эътиқодли ҳар бир кимса даҳшатга тушмоқда. Улар ҳар куни дунёнинг турли минтақларида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишмоқда. Бунинг оқибатида минг-минглаб кишиларнинг қони тўкилмоқда. Қанчадан-қанчаси эса майиб-мажруҳ бўлиб қолаётир. Яширишнинг ҳожати йўқ, бундай қўли қонга ботганлар орасида хорижга ишлаш учун кетиб, у ерда турли диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас.

Биз бу каби кимсалардан нафратланамиз. Биз тинчлик ва омонлик истаймиз. Кимки уларнинг тутган йўлини оқласа, бизнинг орамизда бундай инсонийлик қиёфасини йўқотган малъунларга жой йўқ.

Наргиза КУБАЕВА,

Навбаҳор иқтисодиёт ва

хизмат кўрсатиш касб-ҳунар

коллежи ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.