Қомусимиз-бахтимиз

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши халқимизнинг миллий ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини шаклланишига, давлат, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида майдонга чиққанлиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ошишига асос бўлди.

Дарҳақиқат, жамиятимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби эзгу ниятлар бош мақсад этиб танлангани бежиз эмасдир.

Конституциямизнинг 13-моддасида: Ўзбекисон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади, дея эътироф этилган. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади. Жамиятимизда умуминсоний, маънавий-маданий қадриятларнинг демократик тамойиллари фуқаролик жамияти қуриш вазифаси билан узвий тарзда ривожланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз тараққиёт йўлини танлаб олишда биринчи навбатда миллий ва умуминсоний қадриятлар муҳим омил бўлди. Улар асосида миллий ғоя яратилди.

"Ўзбек модели”. Унда фақатгина иқтисодий ривожланиш кўзда тутилмаган, балки кенг маънодаги миллий тикланиш ва ижтимоий тараққиётни, умуман олганда, жамиятдаги барча соҳаларни қамраб олади. Бугун юртимизнинг қайси гўшасида бўлманг, ҳар бир қадамда янгиланиш ва ўзгаришларни кўрамиз. Эзгу ниятли халқимиз ўзининг яратувчанлиги ва бунёдкорлик ташаббуси билан мўъжизалар яратаётгани, келажагига ишончи ортиб бораётганидан янада шод. Тинч ва осойишта юртимизда ҳаёт кечириб, меҳнат қилаётганимиз барчамиз учун улкан бахтдир.

Тинчлик, инсонпарварлик, адолатга ишонч, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, миллий тотувлик, миллий-маданий меросимизни асраб авайлаш сингари умуминсоний қадриятларни ўзида мужассамлаштирган Конституциямиз эса буларнинг тамал тошидир. Дарҳақиқат, Юртбошимиз таъкидлаганларидек: "Конституция давлатнинг қиёфаси ва нуфузини белгилаб беради. Ана шу қонунлар мажмуи орқали жаҳон давлатни давлат, миллатни миллат сифатида тан олади. Конституция халқ тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”. Мамлакатимиз Конституцияси бахтимиз қомуси сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва жамиятда инсоннинг қадр-қимматини улуғлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Истиқлолимизнинг ишончли пойдевори, уни тасдиқловчи тамға ва жамиятимизнинг энг олий қадрияти бўлиб қолади.

Юлдуз АРАЛОВА,

ФҲДЁ бўлими мутахассиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.