Йилига 100 миллион сўм даромад топаётган ўқувчи келажакда ким бўлмоқчи?

Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги Супаркент қишлоғида яшовчи Жўрабек Амоновни ҳудуд аҳолиси яхши танийди. У ҳали ёш бўлишига қарамасдан аллақачон "асаларичи бола”, дея ном чиқаришга улгурган.
Жўрабек қишлоқдаги 29-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси. Юриш-туришидан оддий қишлоқ болаларига ўхшаса-да, уларга ўхшамайдиган томонлари ҳам бор. Ўз тенги ўртоқларидан фарқли ўлароқ, у йилиги камида 100 миллион сўмдан зиёдроқ даромад топаётган ёш тадбиркорлардан бири.

Отаси Ҳамза Тошматов ҳам асаларичилик билан шуғулланган. Ҳозир гарчи "Карим Ҳусен бобо” фермер хўжалигида сувчи бўлиб ишласа-да, бўш вақтларида ўғлига ёрдамлашади, керакли маслаҳатлар бериб туради. Унинг таъкидлашича, "ўғли асаларилар билан бирга улғайиб, тили ҳам асалари билан бирга чиққан.

– Эсимни танибманки, асаларичилик билан шуғулланаман, – дейди Ҳамза ака. – Буни отамдан ўргандим, бугун фарзандларим ҳам бобомерос касбини давом эттирмоқда. Ўғлим дарсдан бўш вақтларида ёнимда юриб асаларичиликка меҳр қўйди. Уларни парваришлаш, кўпайтириш ва асал йиғиш сир-синоатларини қунт билан ўрганди. Бугунги кунда ўзи мустақил равишда бу билан шуғулланмоқда.

Жўрабек оилада иккинчи фарзанд. Опаси Навоий давлат педагогика институти талабаси бўлса, укаси 7-синф ўқувчиси. Асло тиниб-тинчимайди. Тонг отар-отмас меҳнатга шўнғийди. 8 сотихлик ҳовлида рўзғор учун саримсоқпиёз, картошка, помидор, сабзи, пиёз экилган. Ота-онасига уларнинг парваришига ёрдам беради, чопиқ қилади. Бегона ўт-ўланлардан тозалайди. Қолаверса, яна 3 та соғин сигир бор. Уларга даладан ўт ўриб келиш ҳам унинг зиммасида. Шунингдек, дарсдан кейин ҳафтасига 4 кун Навоий шаҳрига репититорга бориб, инглиз тилидан қўшимча дарс олмоқда.

– Ҳозирда инглиз тилини ўрганаяпман, – дейди Жўрабек. – Келгусида ИНХА университетида ўқимоқчиман. Ахборот-коммуникация технологиялари ёки логистика йўналиши бўйича мутахассис бўлмоқчиман. Орзуимни амалга оширишим учун эса ҳозирдан қунт билан билим олишим зарур.

Қунт билан билим олиш учун кўпроқ ўқиш керак. Унда асаларичилик нима бўлади, дея сўраймиз ундан.

"Бу касб қизиқишим. Болалигимдан буён асаларичиликка қизиқаман. Ҳозирда 80 та асалари уясини парваришлаяпман. Йилига 2 тоннага яқин асал оламан. Шунингдек, асалари оиласини кўпайтириб сотаман. Бу ҳам қўшимча даромад”, – дейди у.

Дарвоқе, асалнинг харидорлари ҳам тайёр. Маҳсулот қишлоқдан ортмайди. Уйдан ўзлари келиб олиб кетишади.

Бугунги кунда Супаркент қишлоғида 305 та оила истиқомат қилади. Илгари ўқувчилар қишлоқдан 4-5 километр олисдаги мактабларга қатнарди. 2019 йилда эса қишлоқда янги мактаб қурилиб фойдаланишга топширилди. Ҳозирда таълим масканида 222 нафар ўқувчига 30 нафар ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.

– Бу йилда мактабимизни 18 нафар ўқувчи битиради, – дейди мактаб амалиётчи психологи Хуршид Ҳикматов. – Уларнинг 13 нафари ахборот-коммуникация технологиялари, 5 нафари ҳайдовчилик бўйича курсларда қатнашиб, тегишли гувоҳномаларга эга бўлди. Мактабимизда Жўрабек каби дарсдан ажралмаган ҳолда мустақил равишда даромад топаётган ўқувчиларимиз 8 нафарни ташкил этади. Улар сони йил сайин ошиб бормоқда.

Бугун даромад топаман, тадбиркорлик билан шуғулланаман, дейдиган юртдошларимиз учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан гарча мактаб ўқувчиси бўлса-да Жўрабек Амонов сингари ёшлар оқилона фойдаланган ҳолда оиласига қўшимча даромад олиб келмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.