Баҳона ўтмайди, тавбага эса кеч бўлди ёҳуд ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИ ҲАҚИДА

Баҳона ўтмайди, тавбага эса кеч бўлди ёҳуд  
ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИ ҲАҚИДА

Халқимизда шундай нақл бор, «Айбдорнинг баҳонаси, гуноҳкорнинг тавбаси кўп».  Биз айтмоқчи бўлаётган воқеа Самарқандлик Г.Икромованинг (исми шарифи ўзгартирилган) судда кўз ёшлари билан қилмишини тан олиб, ночорлик баҳонасида фарзандини сотгани, пулига эса автомашина ва уй орзу қилишгани ҳақида боради.
Г.Икромова фуқаро Т.Набиев (исми шарифи ўзгартирилган) билан шарий никоҳ қуради, ўрталарида 2020 йил июль ойида ўғил фарзанд дунёга келади, турмуш ўртоғи Т.Набиев ҳеч қаерда ишламаслиги, оиласи учун даромади йўқлиги важи билан фарзандини Навоий вилоятида бирор-бир кишига сотиб ўрнига эскироқ бўлсада автомашина ва уй олишни эр-хотин режалаштиришади.
Режага асосан 2021 йил 16 сентябрь куни Г.Икромова ва Т.Набиевлар олдиндан жиноят тил бириктириб, 2020 йилда туғилган вояга етмаган фарзандини тезкор тадбирда харидор сифатида жалб қилинган К.Тошовага 85.000.000 сўмга сотишга келишиб, шундан 50.000.000 сўм пулларни олган вақтларида, прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида ашёвий далиллар билан ушланадилар.
Г.Икромова ва Т.Набиевларга нисбатан юритилган жиноят иши, 
2022 йил 2 март куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Айбдорларнинг қилмиши нафақат ўзларининг иқрорлик кўрсатмалари, балки пулларни кўздан кечириш, кимёвий ишлов бериш ва овоз ёзиш диктофонини фуқарога бериш тўғрисидаги баённомалар, воқеа жойини кўздан кечириш ҳамда ашёвий далилларни олиб қўйиш ҳақидаги баённома, сўзлашувларни эшитиб кўриш ҳақидаги баённома ва экспертиза хулосаси билан тасдқиланди.
Суд томонидан Т.Набиев Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 
3-қисмининг "а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 
57-моддаси қўлланиб, 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Г.Икромова Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 
3-қисмининг "а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 
57-моддаси қўлланиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва суд залидан қамоққа олинди.
Хулоса шуки, инсонийликни ва ўзликни унутган бу тоифа шахсларга қонунда жазо муқаррар эканлигини англашимиз зарур.

Авазжон Ибодов Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси
Баҳона ўтмайди, тавбага эса кеч бўлди ёҳуд   ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИ ҲАҚИДА

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.