ЖОНИНГДА ҚАСДИНГ БОРМИ?

Ёмонликдан қайтариш

Йигит ёки қиз севгилисига ета олмагани, талаба олдига мақсад қилиб қўйган таълим муассасасига ўқишга кира олмагани, хотин турмуш ўртоғи ёки турмуш ўртоғининг қариндошлари билан чиқиша олмагани, яна кимдир турмуш қийинчиликларию машаққатларига бардош беролмаган ва ҳоказо сабаблар билан ўз жонига қасд қилаётгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади.

Ўз жонига қасд қилиш муаммосининг сабаблари, ўзига хос омиллари кўп. Лекин ҳар қандай қийинчилик ҳам нисбий. Шу сабабли бошига мушкул иш тушган одам атрофга очиқ кўз билан қараса, ўзидан ҳам мураккаброқ, оғирроқ шароитларда ирода, сабр ва яхши ният билан яшаётган кишиларни кўради, ибратланади.
Киши ўз жонига қасд қилишининг сабабларидан бири, аввало, бу дунё ва ундаги инсон ҳаётининг мазмун моҳиятини тўғри тушунмасликдир. Албатта инсон йўқ эди, Аллоҳ таоло уни тупроқдан яратиб, бу дунёда уни синаш, имтиҳон қилиш учун унга умр берди ҳамда бу имтиҳондан муваффақиятли ўтган кишига бу дунёда бахтли ҳаётни ва охиратда жаннатдаги абадий роҳат-фароғатни ваъда қилди. Имтиҳон эса ўзига хос синов, меҳнат-машаққатлар ва қийинчиликлардан иборат бўлади.
Ҳаммага синов бор, эркакми аёл, ёшми қари, бойми камбағал. Дунёда яшаётган ҳар ким ҳаёти давомида бир эмас, бир қанча синовларга дуч келади. Фақат ҳаммага ҳар хил. Кимдир камбағалликдан азият чекади, кимдир тухматдан, кимдир фарзандсизликдан, кимдир эса фарзандларининг ёмонлигидан, кимдир ёлғизликдан, кимдир эса яқинларининг ёмонлигидан, яна кимдир касалликдан қийналади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: "Эй инсон, албатта сен то Парвардигорингга йўлиққинингча кўплаб меҳнат-машаққатларни бошдан кечирасан”. Бошқа бир оятда эса: "Дарҳақиқат, Биз сизларни бироз хавф-хатар ва очлик билан, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш билан синаймиз”, – дейилган. Шундай экан инсон доимо бошига тушадиган синовларга тайёр бўлмоғи ва уларга сабр қилмоғи лозим. Зеро Аллоҳ бошига мусибат тушганда сабр қилувчилар билан бирга бўлур ҳамда уларга улкан ажру-савоблар берур.
Ўз жонига қасд қилишнинг яна бир сабаби бу ишнинг оқибатларини тўла англаб етмасликдир. Ўзини ўлдириш бошқа бир жонни ўлдиришданда оғир ва энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда айтилади: "Ким ўзини ўзи тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг дўзахда ҳам абадул-абад шу хилдаги азобга гирифтор бўлур. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, дўзахда ҳам абадул-абад шу азобга гирифтор бўлур. Кимики ўзини ўзи темир парчаси билан ўлдирса, ул шахс темир парчаси қорнига суқулган ҳолда дўзах ўтида абадул-абад қолур”.
Демак ким ўзини қандай қилиб ўлдирган бўлса, қиёмат кунида ҳам худди шундай азобга гирифтор бўлади ҳамда бу азобланиш такрор-такрор қайталаниб, абадий бўлар экан.
Бошқа бир ҳадиси қудсийда шундай дейилган: "Аллоҳ таоло айтадики, бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди, шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисда ўз жонига қасд қилган кимса охиратини куйдириши таъкидланмоқда.
Бундан ташқари ўзини ўлдираётган кимса унга меҳр қўйган яқинлари – ота-онаси, умр йўлдоши, фарзандлари, ака-укалари, ёру дўстларини ҳам қаттиқ изтироб, ташвишга солиб кетаётганини билармикан. Ўзини осаётган кимса ўзи билан қўшиб яқинларини ҳам маънан осиб кетаётганини ҳис қилармикан. Айниқса, ота-она фарзанд доғига чидаши жуда мушкул. Фарзанд доғида оғир касал бўлиб, ҳатто вафот этганларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ҳам энг оғир юк ота елкасидаги фарзанд тобутидир дейилади.
Маст қилувчи ичимликларни ичиш динимизда бежизга ман қилиниб, барча ёмонликларнинг боши дейилмаган. Бугун биз бунинг исботига гувоҳ бўлиб турибмиз. Далилларга мурожаат қилинса, 70 фоизга яқин қотиллик, 80-90 фоиз безорилик асосан мастликда рўй бериши, 25 фоизга яқин ароқхўр мастлик пайтида ўзини ўзи ўлдиришни ўйлаши маълум бўлади. Шуларнинг ўзи биз-у сизларни сергак бўлишга, ичкилик иллатидан узоқда бўлиш ҳамда ундан ҳазар қилишимизга кифоя қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: " Маст қилувчи ичимликлардан қочинглар, шоядки нажот топсаларинг”.
Албатта инсон хатокор, баъзан билиб, баъзан эса билмаган ҳолда хато ишларга, гуноҳга қўл уриб қўяди. Чунки инсондаги уни доимо яхшиликка, тўғриликка ундаб тургувчи ақл билан бирга уни ёмонликка, шаҳватга, ҳирсга ундаб турувчи нафс ва шайтон бор. Баъзан улар ақлдан устун келиб, инсонни гуноҳ ишлар томон бошлайди. Ҳатто инсон баъзида энг оғир гуноҳларга ҳам қўл уриб қўяди ва виждон азобида қийналиб, одамлар юзига қарай олмасдан, эл орасида бошини кўтара олмай қолади. Шундай пайтда инсон ўзини ўзи ўлдириш керакми? Йўқ, бу муаммонинг ечими эмас, аксинча муаммо устига яна бир муаммо, гуноҳ устига яна бир гуноҳ. Бунинг йўли бошқа, бу тавба эшигидир, бу эшик ҳаммага доимо то жон ҳалқумга келмагунча очиқ. Тавба қилинг, Аллоҳ кечиради. Тавба қабул бўлишининг шарти 3 та — қайтиш, надомат, азм, яъни қилган иши гуноҳ иш эканлигини билиб, уни қилишдан қайтиш, шу гуноҳ ишни қилгани учун чин дилдан надомат – афсус чекиш ҳамда уни бошқа қилмасликка азму қарор қилиш.
Юқорида санаб ўтилган сабаблар ва шунга ўхшаган яна минглаб важлар жам бўлса ҳам инсоннинг энг қимматли бойлиги, яъни ўз ҳаётига ўзи зомин бўлишига арзийдими? Ҳар бир инсоннинг ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммо ва ташвишлар қаршисида иродасизлик қилиб ўзини ўлдирган кимса нимага эришади? Ёки шу йўл билан қутилиб яхшиликка эришаман деб ўйлайдими? Йўқ албатта, агар шу фикрда юрганлар бўлса улар қаттиқ адашадилар. Биз ахир мусулмонмиз, мусулмонлар фарзандимиз. Бизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимизнинг бошига келган энг оғир қатағон, уруш ва очарчилик йиллари ҳам бундай нобакорликка қўл урмаганлар. Сабр ила қийинчиликларни енгиб ўтганлар. Инсон кўп нарсани кўтарди, чидайди. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Албатта ўша қийинчиликлар ҳам ўтиб, яхши кунлар ҳам келади.
Фазлиддин ТОШЕВ,
Навбаҳор тумани бош имом-хатиби
ЖОНИНГДА ҚАСДИНГ БОРМИ?

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.