НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ ОБЛАҚУЛОВ ЛОЧИН НУРҚУЛОВИЧНИНГ 30 ИЮНЬ ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

       Азиз ёшлар!

Барчангизни юртимиз ҳаётидаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклайман.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради. 

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда, ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Ватанимиз, эл-юртимиз сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан ҳамиша фахрланади!

Бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, давлатимиз навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқда.Бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу боисдавлатимиз ўз олдига қўйган улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, олий таълим тизимида туб ўзгаришларни амалга оширмоқда. 

Миллат генофондини сақлаш ва давом эттиришнинг муҳим омили бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимо муҳтарам Президентимиз эътибор марказида бўлиб келмоқда. 

Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. 

Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда. 

Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан  давом эттирамиз. 

Шу мақсадда қишлоқларимизда янги-янги таълим даргоҳлари, маданият ва санъат масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилмоқда. 

Ёшларимизни жисмоний соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун беш ижобий ташаббус доирасида кўплаб стадионлар, сув ҳавзалари, спорт мажмуалари ва саройлари барпо этилмоқда.
Энг муҳими, фарзандларимиз ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланадиган, соғлом турмуш тарзини ўз ҳаётий мақсадига айлантирган йигит-қизлар сафи кенгайиб бормоқда. 

Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда. 

Азиз укаларимв а сингилларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. 

Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

Сизларни севимли байрамингиз, шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.
НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ ОБЛАҚУЛОВ ЛОЧИН НУРҚУЛОВИЧНИНГ 30 ИЮНЬ ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.