9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Навбаҳор туман ҳокими Л.Облақуловнинг байрам табриги

9 май – "Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Навбаҳор туман ҳокими Л.Облақуловнинг
байрам табриги
Қадрли дўстлар, фахрийларимиз ! 
Аввало, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўп миллатли бутун халқимизни "Хотира ва қадрлаш” куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Сизлар каби минглаб уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини – азму шижоатли, довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
   Халқимизда иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.
Ушбу бешафқат урушда қатнашган 2 миллионга яқин Ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.
Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз. 
Сиз уруш ва меҳнат фахрийларининг жасоратингиз, чеккан заҳматли меҳнатларингиз олдида таъзим қилишга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар қилишга, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етишга, уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашга чорлайди, албатта.
Қутлуғ байрам арафасида кенг жамоатчилик вакиллари томонидан туманимиздаги 2 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт ортида жасорат кўрсатган пиру бадавлат кексалар ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида эҳтиром кўратилди. Аслида ҳам бугунги дориломон кунларимиз учун курашган нуронийларимиз ҳар қанча эъзозга, ҳар қанча эҳтиромга лойиқдирлар.
Зеро, Иккинчи жаҳон урушида мардларча қаҳрамонлик кўрсатган фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги учун чеккан заҳмати, ҳаёт қийинчиликларини сабот билан енгиши биз учун ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсолидир.
Биз сизларнинг тимсолингизда ўзининг доно маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммамизга устоз ва дуогўй бўлиб юрган мўътабар инсонларни кўрамиз. Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳаёт йўлларида дуч келаётган турли қийинчилик ва муаммоларни, ҳозирги кунда бошимизга тушган синовларни енгиб ўтишда биз сизларнинг мислсиз сабот ва матонатингиздан, қатъиятингиздан доимо куч ва ибрат оламиз. Ёш авлодимизни Ватанга, халққа садоқатли, жасур инсонлар этиб тарбиялашда биз сизларни доимо ўрнак деб биламиз ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолади.
Жонажон юртимизнинг файзу фариштаси бўлган сиз, азизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш учун бундан буён ҳам сидқидилдан хизмат қиламиз.
Байрам муборак бўлсин !
 
 
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Навбаҳор туман ҳокими Л.Облақуловнинг байрам табриги

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.